add

Нодавлат боғчалардаги айрим болалар учун тўловнинг бир қисми давлат ҳисобидан қопланади

Янги Низомга кўра, камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар фарзандлари тарбияланаётган оилавий нодавлат боғчаларга ота-оналар тўловининг бир қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Нодавлат боғчалардаги айрим болалар учун тўловнинг бир қисми давлат ҳисобидан қопланади

Адлия вазирлиги маълумотига кўра , «Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида»ги низом 2025 йил 23 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳужжатга мувофиқ, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган, камбағал оилалар рўйхатига киритилган болалар учун ота-оналар тўловининг бир қисми давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда болалар рўйхати махсус ахборот тизими орқали автоматик равишда шакллантирилади.

Низомга кўра, компенсация ҳудуддаги 9 соатлик иш режимидаги умумий турдаги давлат боғчалари учун белгиланган ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида ажратилади. Бу маблағлар оилавий мактабгача таълим муассасасига тўғридан тўғри ўтказилади.

Компенсация ҳақиқатда боғчага қатнаётган болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади, аммо у муассаса билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасидаги битимда назарда тутилган ўринларнинг 15 фоизидан ошмаслиги керак.

Мазкур механизм нодавлат сектордаги таълим муассасалари учун қўшимча молиявий ёрдам бўлиб, камбағал оилалар фарзандларига сифатли таълимдан баҳраманд бўлиш имконини оширади.

Теглар

Мавзуга оид

Нодавлат боғчалардаги айрим болалар учун тўловнинг бир қисми давлат ҳисобидан қопланади | Vaqt.uz