Logo

Ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш тартиби белгиланади

Бугун 11:482 дақиқа

Янги ҳужжат билан молиявий жаримадан озод этиш ёки уни 6 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган жарима суммасини қисқа муддатларда қайтариш, кечиктирилган тақдирда эса фоиз тўлаш тартибини жорий этиш назарда тутиляпти.

Ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш тартиби белгиланади

Ўзбекистонда молиявий жарималарни қўллаш тартибини белгилаш, улар устидан шикоят қилиш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қайтаришга қаратилган қонун лойиҳаси 18-август куни депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қайд этилишича, ушбу ҳужжат молиявий жарималарни қўллашнинг ягона, аниқ ва шаффоф тартибини белгилаш, молиявий санкцияларни ихтиёрий ва енгиллаштирилган тартибда ижро этиш механизмларини жорий қилишга қаратилган.

Лойиҳага кўра, молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш, қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда. Унда суд назоратининг самарадорлигини ошириш ҳамда молиявий жавобгарликни қўллаш тартибини янада енгиллаштириш ҳам белгиланяпти. Бу эса тадбиркорларни асоссиз ёки ортиқча молиявий жазолардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қолаверса, ҳужжат билан молиявий жаримадан озод этиш ёки уни 6 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган жарима суммасини қисқа муддатларда қайтариш, кечиктирилган тақдирда эса фоиз тўлаш тартибини жорий этиш назарда тутиляпти.

«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этиш, қўлланган молиявий мажбуриятларни ўз вақтида тўланилишини рағбатлантириш, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида бу борадаги муносабатларни соддалаштиришга хизмат қилади», — дея ёзади парламентнинг қуйи палатаси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банкнинг илк молиявий оммабоплик индекси кичик ва ўрта бизнес учун тўлов хизматларининг мавжудлигига қанча балл бергани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид