
Ўлимлар, тақиқ ва бўғилаётган ёрдам: Ғазода Исроил бузаётган сулҳ оқибатлари статистикаси
Исроил ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганидан бери 350 дан ортиқ асосий ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан, мувозанатли овқатланиш учун муҳим бўлган гўшт, сут маҳсулотлари ва сабзавотларнинг киритилишини тақиқлаган. Бунинг ўрнига, газаклар, шоколад, чипс ва салқин ичимликлар каби тўйимсиз озиқ-овқат маҳсулотларига рухсат берган.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш режимига бир ой тўлганига қарамай, Исроил деярли ҳар куни ҳужумлар уюштириб, келишувни бузмоқда ва юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Al-Jazeera нашри хабар берди.
Ғазодаги ҳукумат матбуот хизмати хабар беришича, Исроил 10 октабрдан 10 ноябргача ўт очишни тўхтатиш келишувини камида 282 марта бузган. Ҳужумлар ҳаво зарбалари, артиллерия ва тўғридан-тўғри ўққа тутиш орқали амалга оширилган.
Хизматнинг таъкидлашича, Исроил кучлари тинч аҳолига қарата 88 марта ўқ узган, «сариқ чизиқ»дан ташқаридаги тураржой ҳудудларига 12 марта бостириб кирган, Ғазони 124 марта бомбардимон қилган ва аҳолининг мулкини 52 марта вайрон қилган. Бундан ташқари, сўнгги бир ой ичида Ғазода 23 нафар фаластинликни ҳибсга олган.
Исроил шунингдек, ҳаётий муҳим инсонпарварлик ёрдамини тўсишда ва уй-жойлар ҳамда инфратузилмани йўқ қилишда давом этмоқда.
Ўт очишни тўхтатиш шартлари қандай эди?
29 сентабр куни АҚШ Фаластин томони иштирокисиз 20 банддан иборат таклифни эълон қилди. Унда Исроилнинг Ғазодаги урушини тўхтатиш, гаровдагиларни озод қилиш, ёрдам етказишни тўлиқ тиклаш ва Исроил қўшинларини уч босқичда олиб чиқиш кўзда тутилган.
Биринчи босқичнинг асосий шартлари:
· Исроил ва ҲАМАС томонидан Ғазода ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш;
· Исроилнинг Ғазога гуманитар ёрдам киришини тўсмаслиги;
· ҲАМАС қўлидаги барча гаровдагиларни (тирик ёки ўлик) озод қилиш;
· Исроил қамоқларидаги тахминан 2 000 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилиш;
· Исроил қўшинларини «сариқ чизиқ»қа қайтариш.
Миср, Қатар ва Туркия воситачилигида 13 октабр куни 30 га яқин давлат вакиллари, жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп бошчилигида Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувини имзолаш учун йиғилди.
Лекин Исроил ҳам, ҲАМАС ҳам маросимга қатнашмаган — бу эса келишувнинг ҳақиқий натижа беришига шубҳа уйғотган.
Араб нашрининг таъкидлашича, Исроил Фаластин давлатчилигига йўл қўймаслигини эълон қилган, АҚШ эса уруш давомида Исроилга қурол етказиб беришда ва дипломатик ҳимоя орқали қўллаб-қавватлашда давом этяпти.
Исроил деярли ҳар куни Ғазога ҳужум қилмоқда
Al Jazeera таҳлилига кўра, Исроил ўт очишни тўхтатишнинг сўнгги 31 кунининг 25 кунида Ғазога ҳужум қилган. Яъни атиги олти кун давомида ҳеч қандай зўравонлик ҳужумлари, ўлим ёки жароҳатлар қайд этилмаган.
Шунга қарамай, АҚШ «ўт очишни тўхтатиш режими ҳали ҳам амал қилмоқда», деб даъво қилади.
Исроил ҳали ҳам фаластинликларни ўлдирмоқда
10 октабр — ўт очишни тўхтатиш кучга кирган кундан бери Исроил камида 242 фаластинликни ўлдирган, 622 кишини эса жароҳатлаган.
Энг қонли кунлар — 19 ва 29 октабр. Ўша икки кунда Исроил жами 154 кишини ўлдирган.
19 октабр куни Исроил икки аскари ўлдирилганини баҳона қилиб, Ғазода кенг кўламли бомбардимон уюштирди ва 45 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
29 октабр куни эса Исроил 109 кишини, жумладан, 52 болани ўлдирди.
Трамп бу ҳужумларни «қасос» деб атаб, «Исроил зарба беришга ҳақли», деди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 7 октабрдан 2025 йил 10 ноябргача бўлган умумий статистикаси:
· 69 179 фаластинлик ўлдирилган (шундан 20 179 болалар)
· 170 693 киши яраланган
Исроил ёрдамни бўғишда давом этмоқда
Ўт очишни тўхтатиш келишувига кўра, Ғазога «тўлиқ ёрдам дарҳол етказилиши» керак эди. Аммо амалда бу бажарилмаяпти. Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, Ғазога зарур озиқ-овқатнинг атиги ярми кириб келмоқда. Фаластин ёрдам ташкилотлари коалицияси эса ўт очишни тўхтатиш шартлари бўйича келишилган ҳажмнинг атиги чорак қисми етказилаётганини айтган.
БМТнинг Ғазодаги гуманитар ёрдамни кузатиб борувчи UN2720 Monitoring and Tracking Dashboard маълумотларига кўра, 10 октабрдан 9 ноябргача атиги 3451 та юк машинаси Ғазо сектори ичидаги белгиланган манзилларига етиб борган.
Юк машина ҳайдовчиларининг айтишича, ёрдам етказиб бериш сезиларли даражада кечикмоқда, чунки Исроил томонидан ўтказиладиган текширувлар кутилганидан анча кўпроққа чўзиляпти.
6 ноябр ҳолатига кўра, ўт очишни тўхтатиш бошланганидан бери Ғазога кутилган 15 600 та юк машинасидан атиги 4 453 таси кирган. Бу кунига ўртача 171 та юк машинасини ташкил этади, бу эса кириши керак бўлган кунлик 600 та юк машинасидан анча кам.
Бироқ, Оқ уй 10 октабрдан бери Ғазога тижорат юклари ва гуманитар ёрдам ортилган 15 мингга яқин юк машинаси кириб борганини таъкидламоқда. Бу рақам фаластинликлар ва ёрдам ташкилотлари томонидан кескин рад этилган.
Бундан ташқари, Исроил 350 дан ортиқ асосий ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан, мувозанатли овқатланиш учун муҳим бўлган гўшт, сут маҳсулотлари ва сабзавотларнинг киритилишини тақиқлаган. Бунинг ўрнига, газаклар, шоколад, чипс ва салқин ичимликлар каби тўйимсиз озиқ-овқат маҳсулотларига рухсат берган.
ҲАМАС гаровдагиларни озод қилдими?
13 октабр куни, келишув талабига кўра, ҲАМАС 20 нафар исроиллик асирларни озод қилди. Эвазига 250 фаластинлик маҳбусни ва 1 700 нафар ўғирлаб кетилганларни қайтариб олди.
Келишувга кўра, ҲАМАС, шунингдек, Исроил қўлида сақланаётган 360 нафар фаластинликларнинг жасади эвазига 28 нафар исроиллик асирларнинг жасадини қайтариши кутилмоқда.
10 ноябр ҳолатига кўра, ҲАМАС 24 нафар исроиллик асирнинг жасадини қайтарган, Ғазода тўрт нафар асирнинг жасади қолган. Гуруҳ Исроил бомбардимони натижасида вайроналар остида қолган жасадларни чиқариб олиш учун оғир техникалар зарурлигини маълум қилган.
Исроил шу пайтгача 300 нафар фаластинликнинг жасадини қайтарди, уларнинг кўпчилиги майиб қилинган ва танасида қийноқ излари мавжуд. Кўплаб жасадлар ҳали ҳам таниб бўлмас ҳолатда қолмоқда.
Халқаро ҳуқуқ меъёрларида ўт очишни тўхтатиш ҳақида нима дейилган?
Lieber институти маълумотларига кўра, ўт очишни тўхтатиш деганда фаол жанг ҳаракатларини тўхтатиш ёки можарони жойида музлатиб қўйиш тушунилади, аммо бу халқаро ҳуқуқда ноаниқ тушунча ҳисобланади.
Ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши — «фаол душманлик ҳаракатларини музлатиб қўйиш» сифатида талқин қилинади.
Агар ўт очишни тўхтатиш БМТ резолюцияси ёки ҳуқуқий мажбурий кучга эга шартномага асосланмаган бўлса, унинг бузилиши халқаро ҳуқуқни бузган ҳисобланмаслиги мумкин — аммо у сиёсий келишувни бузади.





