Олтин нархи пасайиши Ўзбекистон захираларига қандай таъсир қилди?
Мамлакатнинг умумий захира активлари бир ойда 72,1 млрд доллардан 66,6 млрд долларга тушган. Бунга олтин нархининг пасайиши сабаб бўлди.
© bloomberg.comМарказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 2026-йил сентябр ойида 5,5 млрд долларга камайди. 1-октябр ҳолатига кўра мамлакатнинг расмий захира активлари 66,6 млрд долларни ташкил этди.
Бир ойда захиралар қанчага камайди?
1-сентябрда Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 72 млрд 135 млн доллар бўлган. Бир ой давомида бу кўрсаткич 5,5 млрд долларга ёки 7,7 фоизга қисқарган.
Пасайишга олтин нархининг ўзгариши сабаб бўлган. Сентябр ойида олтиннинг нархи 1 унция учун 4 602 доллардан 4 188,75 долларгача тушган. Бу захиралар қийматига 5,9 млрд долларлик салбий таъсир кўрсатган.
Натижада олтин захираларининг доллардаги қиймати 64 млрд 929 млн доллардан 60 млрд 85 млн долларгача камайган. Олтиннинг ҳажми эса аксинча, ошган. 1-сентябрда 14,1 млн унциядан 1-октябрда 14,3 млн унцияга етган.
Валюта захиралари ҳам қисқарган
Хорижий валютадаги захира активлари сентябр бошидаги 6 млрд 635 млн доллардан октябр бошида 5 млрд 933 млн долларгача тушган.
2026-йилнинг бошида Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 66 млрд 312 млн доллар бўлган. Йил давомида захиралар ўзгариш кузатилди. 1-сентябрда 72 млрд 135 млн долларга етган бўлса, 1-октябр ҳолатига кўра, 66 млрд 589 млн долларга тушган.
Эслатиб ўтамиз, TD Securities олтин нархи 2027-йилда 5000 доллардан ошиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.
Камрон Ҳасанов





