
Олтин яна рекордни янгилади
Ўзбекистонда 100 г кўринишидаги олтин қуймалари нархи 184 млн сўмдан ошди.

Марказий банк 13 январ учун олтин қуймаларининг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархларини эълон қилди.
Бир кун ичида қуймалар нархи 2,3 фоизга кўтарилди. Уларнинг 1 г учун нархи 1 млн 843 минг сўмдан белгиланди. 100 г кўринишидаги олтин қуйма банкларда 184,3 млн сўмдан сотилмоқда.
Қуймаларнинг сотиш ва сотиб олиш нархи ўртасидаги фарқ 3,9 фоиздан 4,9 фоизгача бўлмоқда. Регулятор нархларни кун давомида қайта кўриб чиқиши мумкин.
Жаҳон бўйича олтин нархи сўнгги 24 соат ичида троя унциясида 4 630 доллардан ошиб, тарихий рекордни янгилади. Нарх кўтарилишига АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан Федерал резерв тизими раиси Жером Пауеллга нисбатан жиноий тергов очилгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди.
Пауелл видео мурожаат қилиб, жиноий айбловларга Федерал резерв президент хоҳишларига амал қилмагани сабаб бўлаётганини айтганди. Бунинг устига Доналд Трамп Эрон билан савдо қиладиган давлатларга 25 фоиз тарифлар жорий этилиши ҳақида гапирди.
Бу хабарлар фонида инвесторлар томонидан олтинга хавфсиз актив сифатида талаб доимгидек ортмоқда.
2025 йил давомида олтин бир неча бор тарихий рекордларни янгилади. Жаҳон бўйича нархлар 70 фоиздан кўпроқ ошган бўлса, олтин қуймалари ҳам ўсишда давом этди ва жозибадор сармоя воситасига айланди.
2026 йил нарх қандай бўлади?
Олтин нархи аксарият таҳлилчилар томонидан 2026 йилда ҳам ўсиши кутилмоқда. JP Morgan таҳлилчилари кейинги йил охирида олтинни 5 200—5 300 доллар атрофида бўлади деб кутмоқда. Goldman Sachs прогнози эса 4 900 доллар атрофида.
Ушбу кутилмалар амалга ошадиган бўлса, 100 гр кўринишидаги олтин қуйма нархи 2026 йилда 200 млн сўмдан ошади. Бу эса унга бўлган талабни янада кучайтириши кутилмоқда.
Марказий банк олтин нархи 2026 йилга келиб 4 000 доллар атрофида бўлишини прогноз қилганди. Вазиятга қараб нарх 5 500 долларгача чиқиши ёки 2 500 долларгача арзонлаши ҳам мумкин.
Олтинга Ўзбекистон шароитида қандай қилиб инвестиция киритиш ҳақида бу ерда ўқиш мумкин.





