add

Ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгарди

30.10.2025 | 13:209602

2026 йил 1 августдан бошлаб умумтаълим муассасаларида дарс соатлари малака даражаси ва сертификатга эгалик устуворлигига қараб тақсимланади.

Ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгарди

Адлия вазирлиги 2025 йил 28 октабр куни 3271-1-сон билан рўйхатдан ўтказган қарорга кўра, умумтаълим муассасаларида синфларни комплектация қилиш ва тариф рўйхатларини шакллантириш тартибига ўзгартишлар киритилди. Қарор Таълим, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан қабул қилинган.

Янги низомга кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб ўқитувчиларга дарс соатлари малака даражаларига кўра қуйидаги устуворлик кетма-кетлигида тақсимланади: аввало олий малака тоифасига эга ўқитувчилар, сўнг миллий ёки халқаро сертификатга эга педагоглар, кейин биринчи ва иккинчи малака тоифалилари. Улардан кейин олий маълумотли тоифасиз ўқитувчилар ва қайта тайёрлаш дипломига эга мутахассислар устувор ҳисобланади.

Шунингдек, ўриндошлик асосида ишлаётган олий маълумотли ўқитувчилар, педагогика йўналишида таҳсил олаётган учинчи ва ундан юқори курс талабалари ҳамда бошланғич синфларда таълим бераётган ўрта махсус маълумотли педагоглар ҳам белгиланган тартибда дарс соатларига жалб этилиши мумкин.

Бошланғич синфлардаги дарс соатлари тақсимланишида ўқитувчининг айнан бошланғич таълим мутахассислиги бўйича билимга эгалиги ёки мазкур фанни ўқитиш методикасини ўзлаштиргани инобатга олинади.

Низомга мувофиқ, ҳар бир умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши икки иш куни ичида дарс соатлари тақсимотини кўриб чиқади ва 15 сентабрга қадар якуний тартибни тасдиқлайди. Зарурат туғилганда, кенгаш тақсимотни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.

Янги тартиб ўқитувчиларнинг малака ва тажрибасига кўра меҳнатига муносиб баҳо бериш, таълим сифати ва рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 23 октабрдаги «Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–190-сонли фармони билан Касбий таълим агентлиги ташкил этилган эди. Шунингдек, янги ташкил этилган Касбий таълим агентлигига директор тайинланди.

Теглар

Мавзуга оид