Logo

Тошкент вилоятида 20 МВт қувватга эга шамол электр станцияси ишга туширилди

Bugun 22:052 daqiqa

Хабарга кўра, лойиҳа 20 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлайди ва табиий газни тежайди.

Тошкент вилоятида 20 МВт қувватга эга шамол электр станцияси ишга туширилди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида умумий қуввати 20 МВт бўлган янги «Чорбоғ» шамол электр станцияси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

20 август куни мазкур энергетика иншоотининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган. Станция Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ишга туширилган бўлиб, уни барпо этиш учун Хитой ҳукумати томонидан 28 миллион АҚШ доллари миқдоридаги беғараз грант маблағи ажратилган.

«Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.

Лойиҳанинг техник имкониятлари ва экологик аҳамияти

«Чорбоғ» шамол электр станцияси доирасида ҳар бирининг қуввати 5 МВт бўлган 4 та замонавий шамол турбинаси ўрнатилган. Станция йилига 50 миллион кВт·соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бугунги кунда у фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган.

Таъкидланишича, ушбу ишлаб чиқариладиган энергия ҳажми қарийб 20 мингта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш имконини беради.

«Бу эса мамлакатимиз энергетик тизими барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дея таъкидланади хабарда.

Шунингдек, расмий релизда иншоотнинг экологик фойдасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, янги станция фаолияти натижасида ҳар йили юз минглаб куб метр табиий газ тежалиб қолиши ҳамда атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажми сезиларли даражада қисқариши қайд этилган. Вазирлик матбуот хизматининг қўшимча қилишича: «Бу мамлакатимизнинг экологик барқарорликни таъминлаш, углерод изини камайтириш ва халқаро иқлим мажбуриятларини бажаришга қаратган саъй-ҳаракатларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади».

Очилиш маросимида Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, Савдо-саноат палатаси, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ масъул ходимлари, энергетика ва қурилиш компаниялари вакиллари, Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги, шунингдек, ҳудудий фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этгани маълум қилинган.

Teglar

Mavzuga oid