Ошган ташқи қарз, қисқарган экспорт ва савдо тақчиллиги: ярим йилда ташқи секторда қандай ўзгаришлар юз берди?
2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда олтинсиз товарлар экспорти 27 фоизга, хизматлар экспорти 45 фоизга ошди. Шу билан бирга, импорт 24 фоизга кўпайиб, ташқи қарз 84,1 млрд долларга етди. Vaqt.uz Марказий банк маълумотлари асосида ташқи сектордаги асосий ўзгаришларни ўрганди.
© APЎзбекистоннинг ташқи савдосида 2026-йилнинг биринчи ярмида турли ўзгаришлар кузатилди. Экспорт, айниқса олтинсиз маҳсулотлар ва хизматлар экспорти ошган бўлса, импорт ҳам сезиларли кўпайди. Натижада мамлакатнинг ташқи савдо тақчиллиги 13,4 млрд долларга етди.
Шу даврда хорижий инвестициялар оқими давом этди, ташқи мажбуриятлар эса ошди.
Vaqt.uz Марказий банк маълумотлари асосида Ўзбекистон ташқи секторида йилнинг дастлабки олти ойида юз берган ўзгаришларни кўриб чиқди.
Экспорт камайди, импорт эса 24 фоизга ошди
Экспорт. 2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон жами 15,4 млрд долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга кам.
Экспортнинг камайишига асосан олтин экспорти ҳажмининг қисқариши сабаб бўлди. Шу билан бирга, олтинсиз маҳсулотлар экспорти 27 фоизга, хизматлар экспорти эса 45 фоизга ошди. Демак, умумий экспорт камайган бўлса-да, олтин ҳисобга олинмаган экспорт ва хизматлар экспортида сезиларли ўсиш кузатилди.
Импорт. 2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг жами импорт ҳажми 28,8 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга кўп.
Импортнинг юқори ҳажмда шаклланиши инвестициявий фаоллик ва ички истеъмол талабининг юқори даражада сақланиб қолиши билан изоҳланади. Хусусан, машина ва ускуналар, транспорт воситалари, кимёвий ва минерал маҳсулотлар ҳамда озиқ-овқат товарлари импорти юқори ҳажмларда шаклланди.
Импорт таркибида товарлар импорти 24 фоизга, хизматлар импорти эса 21 фоизга ошди.
Экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ натижасида савдо балансида 13,4 млрд долларлик тақчиллик юзага келди.
Бу тақчиллик бирламчи ва иккиламчи даромадлар ҳисобидаги ижобий натижалар ҳисобига қисман қопланди. Бирламчи даромадлар бўйича ижобий салдо 1,9 млрд долларни, иккиламчи даромадлар бўйича эса 5,3 млрд долларни ташкил этди.

Манба: Марказий банк
Ташқи операцияларда 6,2 млрд долларлик тақчиллик юзага келди
Экспорт, импорт ва бошқа ташқи иқтисодий операциялар натижасида 2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг жорий операциялар ҳисобида қарийб 6,2 млрд долларлик тақчиллик шаклланди.
Ушбу тақчиллик асосан тўғридан-тўғри, портфел ва бошқа инвестициялар бўйича операциялар ҳамда бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилди. Ҳисобот даврида Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф кирими 2,3 млрд долларни ташкил этди.
Портфел инвестицияларининг соф жалб қилиниши эса қарийб 2 млрд доллар бўлди.
Бундан ташқари, давлат сектори, банклар ва бошқа секторлар бўйича валюта ва депозитлар, савдо кредитлари ҳамда ташқи қарзлар билан боғлиқ операциялар ҳисобига бошқа инвестициялар компонентида қарийб 1,5 млрд долларлик соф кирим қайд этилди.
Шу омиллар ҳисобига 2026-йил I ярим йиллиги якунида молиявий ҳисоб 7,5 млрд долларлик тақчиллик билан шаклланди.

Манба: Марказий банк
Ўзбекистоннинг халқаро инвестициявий мавқеи 34 фоизга қисқарди
Тўлов балансида акс этган операциялар ва нооперацион ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқеи йил бошига нисбатан 34 фоизга қисқарди. 2026-йил 1-июл ҳолатига ушбу кўрсаткич 13,3 млрд долларни ташкил этди.
Ҳисобот даврида резидентларнинг ташқи активлари қолдиғи йил бошига нисбатан 1,1 млрд долларга ёки 1 фоизга камайди. Бунда жаҳон бозорида олтин нархининг пасайиши ҳисобига халқаро захиралар қолдиғи 2,5 млрд долларга қисқарди. Шу билан бирга, тўғридан-тўғри ва бошқа инвестициялар бўйича активлар қолдиғи 1,4 млрд долларга ошди. Резидентларнинг ташқи мажбуриятлари қолдиғи эса 5,8 млрд долларга ёки 5 фоизга кўпайди.
2026-йил 1-июл ҳолатига Ўзбекистоннинг жами ташқи активлари 127,4 млрд доллар, ташқи мажбуриятлари эса 114,1 млрд доллар бўлган. Халқаро захира активлари қолдиғи 63,8 млрд долларни ташкил этган.
Ташқи қарзи бир йилда 12 млрд долларга ошди
2026-йилнинг биринчи ярми якунига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 84,1 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 12,1 млрд доллар ёки 16,4 фоизга кўп.

Манба: Vaqt.uz | Изоҳ: Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2024–2026-йилларнинг дастлабки ярим йиллик ҳисоботлари асосида солиштирилди.
Ташқи қарз бир чоракда 1,9 млрд долларга ошди
2026-йилнинг I чораги якуни билан таққослаганда, умумий ташқи қарз 1,9 млрд долларга ёки 2,3 фоизга кўпайган. Шундан давлат ташқи қарзи 1,2 млрд долларга, корпоратив ташқи қарз эса 0,7 млрд долларга ошган.
2026-йил биринчи ярим йиллиги якунида умумий ташқи қарзнинг 41,7 млрд доллари давлат ташқи қарзига, 42,4 млрд доллари эса корпоратив ташқи қарзга тўғри келган.
Корпоратив ташқи қарз таркибига хусусий сектор, жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб қилинган қарзлар киради. Бундай қарзлар бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмас. Улар бўйича тўловлар хўжалик субъектлари ва банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бир йилда давлат қарзи 4,8 млрд, корпоратив қарз 7 млрд долларга ошган
2025-йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларни ташкил этган. Шундан 36,8 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 35,4 млрд доллари корпоратив ташқи қарз ҳиссасига тўғри келган.
Шу тариқа, бир йил ичида давлат ташқи қарзи 4,8 млрд долларга, корпоратив ташқи қарз эса 7 млрд долларга ошган.
2024-йилнинг дастлабки ярим йиллигида эса мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 56,6 млрд доллар бўлган. Унинг қарийб 31 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 25,6 млрд доллари эса корпоратив ташқи қарз ҳиссасига тўғри келган.
Шундай қилиб, 2024-йилнинг биринчи ярим йиллигидан 2026-йилнинг шу давригача Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 27,5 млрд долларга ошган.
Марказий банк маълумотига кўра, 2026-йил биринчи ярмида Ўзбекистон резидентларининг ташқи мажбуриятлари қолдиғи ҳам йил бошига нисбатан 5,8 млрд долларга ёки 5 фоизга кўпайган.
Теглар






