Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган теннисчиларга бериладиган мукофот пуллари ҳам оширилди
Шу пайтгача улар бир марталик 10 минг, 5 минг ва 2,5 минг доллар олар эди. Уларни тайёрлаган тренерларга эса 5 минг, 2,5 минг ва 1250 доллар тўланарди.
© ijtimoiy tarmoqlar2026-йил 21-сентябрда «Теннис спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2027-йил 1-январдан умумий ўрта таълим ташкилотларида «Juniors Tennis Initiative» дастури жорий қилинади. Бунда дастур доирасида 1–4-синф ўқувчилари учун жисмоний тарбия дарсларида теннисга қизиқишни шакллантириш бўйича бошланғич машғулотлар йўлга қўйилади. Ўқувчиларнинг теннисга қизиқиши ҳамда спорт инфратузилмаси мавжудлигига қараб теннис ривожлантириладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари танлаб олинади.
Танлаб олинган умумий ўрта таълим ташкилотларида теннис бўйича спорт секциялари ташкил этилади ҳамда уларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, спорт инвентарлари, шу жумладан, «tennis wall» мосламалари билан Ўзбекистон теннис федерацияси маблағлари ҳисобидан жиҳозланади. Машғулотлар танлаб олинган умумий ўрта таълим ташкилоти жойлашган ҳудуддаги спорт мактабидан жалб этилган тренерлар томонидан олиб борилади.
Қолаверса, давлат раҳбарининг янги қарори билан 2023-йил 7-апрелдаги ПҚ–114-сон қарори 7-иловасининг 9 ва 10-бандларида келтирилган теннис бўйича нуфузли халқаро ўйинларда ғолиб бўлганларга тўланадиган пул мукофотларининг миқдори оширилди.

Яъни шу пайтгача Осиё ва Параосиё ўйинлари ғолиблари ҳамда совриндорларига бериладиган бир марталик пул мукофоти миқдори олтин медаль учун 10 минг, кумуш медалга 5 минг ва бронза олган спортчига 2,5 минг доллар эди. Энди улар мос равишда 25 минг, 12,5 минг ва 6250 долларга ошди.

Уларни тайёрлаган тренерлар эса аввал шогирди 1-ўринни олса 5 минг, 2-ўринни олса 2,5 минг ва 3-ўринни эгалласа 1250 доллар олар эди. Бундан буён уларга бериладиган бир марталик пул мукофоти ҳам кўтарилиб, мос равишда 10 минг, 5 минг ва 2,5 минг доллар бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро шахмат мусобақалари ғолибларини рағбатлантириш миқдорлари кескин оширилганди. Уларга бериладиган пуллар аввалгисидан жуда катта. Қолаверса, олдингилар базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб тўланган. Ҳозиргиси эса долларда.