add

«Ўзбекистон байрамлари» китоби нашр этилади

Бугун 18:182 дақиқа

Ўзбекистонда байрамларнинг маънавий мазмунини кучайтириш мақсадида янги китоб ва оммабоп қўлланмалар тайёрланади.

«Ўзбекистон байрамлари» китоби нашр этилади

Ўзбекистонда умумхалқ байрамларининг ғоявий-маънавий мазмунини янада бойитишга қаратилган янги ташаббуслар амалга оширилади. Хусусан, байрам кунларига бағишланган оммабоп адабиётлар, шу жумладан, «Ўзбекистон байрамлари» номли китоб тайёрланиб, нашр этилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 824-сонли қарорида белгиланган.

Қарорда тасдиқланган концепцияга кўра, бугунги кунда мамлакатда 50 дан ортиқ умумхалқ байрамлари, муҳим саналар, касб байрамлари ва халқаро кунлар турли даражаларда нишонланиб келинмоқда. Ушбу байрамларни мазмун жиҳатидан бойитиш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини кенг ёритиш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Ҳар бир умумхалқ байрамининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, таъсирчан ва жозибадор мусиқий атрибутлар, байрамга хос тароналар ҳамда турли безак элементлари ишлаб чиқилади. Бу орқали байрамлар нафақат расмий тадбир, балки аҳоли учун маънавий илҳом манбаига айлантирилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, умумхалқ байрамларининг ғоявий-маънавий мазмуни, тарихий шаклланиш босқичлари ва жамият тараққиётидаги ўрнини очиб берувчи махсус қўлланмалар тайёрланади. Ушбу материаллар таълим муассасалари, маданият марказлари ва кенг жамоатчилик орасида тарқатилади.

Байрамлар доирасида ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳам алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. Жумладан, «Энг иқтидорли ёш» акция-шоу дастурини ташкил этиш орқали турли соҳаларда муваффақиятга эришган ёшларни халққа танитиш, улар орқали бошқа ёшларни ўз мақсадлари сари руҳлантиришга қаратилган интерактив тадбирлар ўтказилади.

Теглар

Мавзуга оид