
Ўзбекистон биринчи миллий сунъий интеллект тизимини ишга туширди
Ўзбекистонда ишга туширилган илк сунъий интеллект BONU AGI глобал моделлардан фарқли равишда фойдаланувчи сўровларини маҳаллий, ижтимоий ва маданий муҳит призмаси орқали таҳлил қилади.

Ўзбекистонда BONU AGI деб номланган мамлакат тарихидаги илк миллий сунъий интеллект тизими ишга туширилди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг London Post нашрида эълон қилинган мақолада маълум қилинди.
Нашрда таъкидланишича, лойиҳа тайёр глобал сунъий интеллект платформаларини жорий этиш ўрнига, Ўзбекистоннинг маданий, ижтимоий ва тарихий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Dunyo AA хабар беришича, мақолада замонавий сунъий интеллект тизимларининг аксарияти универсал архитектурага таяниши, аммо амалда қарор қабул қилиш жараёнида маданий нормалар, жамоавий хотира, тил модели ва миллий тажриба ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилган. BONU AGI айнан шу ёндашувдан келиб чиқиб, «сунъий интеллект маданий вакуумда мавжуд бўлмаслиги керак» деган тамойил асосида яратилган.
Нашрда келтирилишича, BONU AGI фойдаланувчи сўровларини маҳаллий ижтимоий ва маданий муҳит призмаси орқали таҳлил қилади. Бу тизим Ўзбекистон аҳолисига хос мулоқот услуби, фикрлаш мантиғи ва савол қўйиш маданиятини янада аниқроқ акс эттириш имконини беради. Муаллифлар бу хусусият сунъий интеллект билан ўзаро алоқа самарадорлигини ошириши мумкинлигини таъкидлайди.
Лойиҳа маҳаллий мутахассислар — Бахтиёр Бобохонов, Сардорбек Турсунбеков ва Отабек Сиддиқов иштирокида ишлаб чиқилган. Улар BONU AGI’ни фақат технологик маҳсулот эмас, балки миллий тафаккурни рақамли муҳитда акс эттирувчи интеллектуал платформа сифатида шакллантиришни мақсад қилган.
Аввалроқ Vaqt.uz Ўзбекистонда ҳар йили сунъий интеллект етакчилари лойиҳаси ўтказилиши, ушбу лойиҳа доирасида энг юқори натижаларга эришган иштирокчиларга электромобил, хорижга саёҳат, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар берилиши ҳақида маълум қилган эди.





