
Ўзбекистон дипломи билан тўртта давлатда ишлаш мумкин бўлади
Марказий Осиё давлатлари олий таълим дипломларини ўзаро тан олади. Энди битирувчилар қўшимча расмийлаштиришсиз МО мамлакатларида ишлаши ёки ўқишни давом эттириши мумкин.

Марказий Осиё мамлакатлари олий таълим соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида дипломларни ўзаро эътироф этиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақдаги лойиҳа Қозоғистон ҳукумати томонидан эълон қилинди.
Қозоғистон ҳукуматининг 2025 йил 12 ноябрдаги қарори билан ҳужжат расман тасдиқланган. Қолган давлатларда ҳам ҳужжат мавжуд тартибда маъқулланган.
Келишувнинг асосий мақсади — дипломларни қайта тасдиқлаш, қўшимча экспертиза ёки нострификация талабларини қисқартириш орқали битирувчиларнинг минтақада эркин ҳаракатланишини таъминлашдан иборат.
Келишувга кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон иштирокчи мамлакатларнинг барча олий ўқув юртлари дипломларини - мутахассислик, таълим йўналиши ва малакасини ҳисобга олган ҳолда тан олади. Қозоғистон эса фақат дунёнинг энг яхши 1000 таликка кирган университетлар дипломири тан олишини айтган.
Шу билан бирга, барча давлатларда айрим ҳолларда дипломни тан олиш рад этилиши мумкин. Бундай ҳолатларга ҳужжатлар тўлиқ топширилмагани, илова мавжуд эмаслиги, маълумотларда зиддиятлар ёки дипломнинг ҳаққонийлиги тасдиқланмагани каби омиллар киради.
Минтақавий келишув халқаро таълим сиёсатидаги янгиланишлар билан ҳамоҳанг ишламоқда. Жумладан, Ўзбекистон яқинда Олий таълим малакаларни тан олиш бўйича Глобал конвенцияга қўшилган, Қозоғистон эса Осиё-Тинч океани минтақасига оид малакаларни тан олиш конвенциясини ратификация қилган.





