Logo

Ўзбекистон иқтисодиётига нималар хавф солмоқда?

Кеча 21:558 дақиқа

Жаҳондаги сиёсий вазият, иқлим ўзгариши ва киберхавфсизликка оид таҳдидлар молия тизими учун янги хатарларни юзага келтирмоқда. Марказий банк молиявий барқарорлик шарҳида Ўзбекистон иқтисодиёти учун энг муҳим тўртта хавфни маълум қилди.

Ўзбекистон иқтисодиётига нималар хавф солмоқда? © Foto: lunainc

Бугунги кунда мамлакат иқтисодиётига нафақат Ўзбекистон ичидаги жараёнлар, балки дунёдаги ўзгаришлар ҳам  бевосита боғлиқ. Халқаро сиёсий вазият, глобал иқтисодий ўзгаришлар ва турли инқирозлар молия бозорлари, инвестициялар ҳамда ташқи савдо фаолиятига таъсир қилмоқда.

Марказий банк молиявий барқарорлик шарҳида, Ўзбекистон иқтисодиёти учун энг муҳим тўртта хавфни, уларнинг оқибатлари ва уларга қарши кўрилиши лозим бўлган  чоралари ҳақида маълумот берди.

Ҳисоботда қайд этилишича, сиёсий вазиятлар халқаро савдо ва логистика йўналишидаги узилишлар, экспорт-импорт харажатларининг ошиши ҳамда Ўзбекистонга инвестиция киритиш истаги пасайишига олиб келиши мумкин.

Геосиёсий вазият асосий ташқи хатар бўлиб қолмоқда

Яқин Шарқдаги можаро ва дунёнинг бошқа ҳудудларидаги урушлар халқаро молия бозорларига таъсир кўрсатмоқда. Марказий банкка кўра, бундай вазият Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳам қатор хавфларни юзага келтиради.

Масалан, халқаро молия бозорларида фоиз ставкалари юқори даражада сақланиб қолиши мумкин. Бу эса Ўзбекистоннинг хориждан қарз олиш жараёнини  қийинлаштиради. Олинган кредитлар учун тўланадиган фоизлар ҳамда давлат қарзини қайтариш харажатлари ҳам ортади.

Бундан ташқари, сиёсий зиддиятлар халқаро савдога ҳам салбий таъсир қилади. Логистика йўналишидаги узилишлар, ёқилғи нархларининг қимматлашиши, импорт ва экспорт харажатларини кўпайтиради. Натижада импорт маҳсулотлари қимматлаб, ички бозорда нархлар ошишига, яъни инфляциянинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, жорий йилда импорт орқали кириб келаётган инфляция ички нархларга қарийб 1 фоиз қўшимча таъсир кўрсатмоқда.

Геосиёсий кескинлик сабаб юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтириш учун Марказий банк бир неча чораларни таклиф қилди. Давлат харажатларини назорат остида ушлаб туриш, банк тизимида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга тайёрлаш ҳамда хорижий инвестицияларни кўпайтириш учун зарур чораларни кўриш таъкидланган.

Ташқи савдода битта шимолий йўналишга (Россия ва Қозоғистон орқали ўтувчи анъанавий йўлга) қарам бўлиб қолмаслик учун янги логистика йўналишларини ривожлантириш ва қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини кучайтириш таклиф этилган.

Микроқарзлар нега хавфга айланмоқда?

Марказий банк молия тизими учун ички хатарлардан бири сифатида микроқарзлар бўйича кредит хатари ортаётганига эътибор қаратган. Сўнгги йилларда аҳолига берилаётган микроқарзлар ҳажми ошиб бормоқда. Агар қарз олувчиларнинг даромади кредитни ўз вақтида қайтаришга етмаса, муаммоли кредитлар (NPL) кўпайиб, банкларнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, айрим микроқарзларнинг гаровсиз ажратилиши бу хавфни янада оширади.

Маълумот учун, Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли кредитлар ҳажми 1 июнь ҳолатига кўра, 23 трлн 609 млрд сўмга етган. Ҳозирда банкларининг жами кредит портфелининг 3,7 фоизи муаммоли кредитлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу сабабли Марказий банк микроқарз ажратиш талабларни босқичма-босқич кучайтирмоқда. Банклар ва микромолия ташкилотлари кредит портфелида микроқарзларнинг улуши 25 фоиздан ошмаслиги белгиланди. Бундан ташқари, микроқарз беришда аҳолини ойлик кредит тўловлари унинг даромадининг 50 фоизидан ошмаслигини ва мавжуд қарзлари қатъий ҳисобга олиниши кераклигини таъкидлаган. Бироқ молия тизими учун хавф фақат кредитлар билан боғлиқ эмас. Рақамли хизматларнинг кенгайиши билан киберхатарлар ҳам тобора долзарб масалага айланмоқда.

Киберҳужумлар иқтисодиётга қандай таъсир қилади?

Сўнгги йилларда банк хизматлари, мобил иловалар ва онлайн тўловлар кенг оммалашгани сабабли молиявий операцияларнинг катта қисми рақамли платформалар орқали амалга оширилмоқда. Бу эса қулайлик яратиши билан бирга, киберфирибгарлик хавфини ҳам оширяпти.

Киберҳужумлар, ахборот хавфсизлигининг бузилиши ва шахсий маълумотларнинг ўғирланиши молия тизимига бўлган ишончни сусайтириши мумкин. Натижада банклар ва бошқа молия ташкилотлари қўшимча молиявий йўқотишларга дуч келиши эҳтимоли ортади.

Бу каби ҳолатлар оддий фуқароларга ҳам бевосита таъсир қилади. Банк карталаридаги маблағларнинг фирибгарлик йўли билан ечиб олиниши, шахсий маълумотларнинг ноқонуний қўлга киритилиши ёки банк иловалари орқали ноқонуний операциялар амалга оширилиши кузатилади.

Статистикалар ҳам киберхатарлар тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Биргина 2025 йилда кибержиноятлар оқибатида ўзбекистонликларга қарийб 2 триллион сўмлик моддий зарар етказилган.

Сўнгги йилларда эса кибержиноятлар сабаб етказилган умумий зарар 3,7 триллион сўмга етиб, уларнинг салкам 98 фоиз қисми банк карталари билан боғлиқ фирибгарликлардир. Шу билан бирга, 2021–2025 йиллар давомида Ўзбекистон бўйлаб қайд этилган кибержиноятлар сони 11 баравар ошиб, 62 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Шундан 16 мингдан ортиғи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Бундай кибержиноятларни камайтириш учун молиявий тизимда хавфсизлик чораларини кучайтириш режалаштирилган. Бунда шубҳали операцияларни тез аниқлаш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш  ва хавфли деб топилган транзаксияларни вақтинча чеклаш таклиф этилмоқда. Аҳолининг киберфирибгарлик ҳақида хабардорлигини ошириш ва молиявий саводхонлигини кучайтириш ҳам ушбу хавфни камайтиришда асосий омил бўлиши таъкидланган.

Иқлим ўзгариши: иқтисодиёт учун янги хавф

Иқлим ўзгариши бугунги кунда нафақат экологик муаммо, балки иқтисодиётга таъсир қиладиган масалага айланиб улгурди. Ҳароратнинг ошиши, сув танқислиги, қурғоқчилик ва табиий офатлар молия тизимига таъсир қиляпти. Марказий банк қайд этишича, ушбу хатарлар орасида энг жиддийси бутун дунёда тобора кучайиб бораётган сув танқислигидир.

Сув танқислиги. Ўзбекистонда ҳам энг катта хавфлардан бири сув ресурслари билан боғлиқ. Мамлакатда чучук сув истеъмолининг 92 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Шу сабабли сув тақчиллиги ушбу соҳага бевосита таъсир қилиб, ҳосилдорликнинг камайиши, фермерлар даромадларининг пасайиши ва кредитларни қайтаришда қийинчиликлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳисоботга кўра, 2050 йилда Ўзбекистоннинг икки асосий дарёси Амударё ва Сирдарё оқимлари 5 фоиздан 15 фоизгача камайиши прогноз қилинмоқда. Сув танқислиги ҳажми 2030 йилда 7 млрд куб метрга, 2050 йилда эса 15 миллиард куб метрга етиши мумкин. Қуйидаги харитада вилоятлар кесимида сув танқислиги даражаси келтирилган.

1

  Xarita Markaziy bank bergan ma’lumotlar asosida tayyorlandi                          

Қишлоқ хўжалигидаги бундай хавфлар банк тизимига ҳам таъсир қилади. Чунки ушбу соҳа банк кредитларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда қишлоқ хўжалигига ажратилган кредитларнинг банк тизимидаги жами кредит портфелидаги улуши 10,1 фоизни ташкил қилган. Агар иқлим шароити сабаб корхона ва фермерларнинг молиявий ҳолати ёмонлашса, банкларда муаммоли кредитлар миқдори кескин ошиши мумкин.

Шу билан бирга, Марказий банк табиий офатлар хавфини ҳам молиявий барқарорликка таъсир қилувчи муҳим сабаблардан бири сифатида кўрсатилган.

Зилзила ва табиий офатлар хавфи. Ўзбекистон Ҳиндистон ва Евросиё тектоник плиталари туташган ҳудудга яқин жойлашгани сабабли мамлакатнинг шарқий ва жанубий ҳудудлари сейсмик жиҳатдан фаол ҳисобланади. Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида зилзила хавфи юқори баҳоланган. Қолган ҳудудларда эса сейсмик хавф нисбатан ўртача даражада экани қайд этилган. Қуйидаги харитада вилоятлар кесимида зил зила хавфи даражаси келтирилган.

2

         Xarita Markaziy bank bergan ma’lumotlar asosida tayyorlandi   

Табиий офатлар фақат зилзила билан чекланмаслиги ҳам таъкидланган. Айрим ҳудудларда дарё тошқинлари ва ер кўчиши хавфи ҳам юқори бўлиб, улар инфратузилма ҳамда иқтисодий фаолиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, ер кўчиши хавфи асосан тоғли ҳудудларда кузатилади.  Ўзбекистон ҳудудининг қарийб 90 минг квадрат километри тоғли ҳудудлардан иборат бўлиб, уларнинг 17 фоизи кўчки хавфи мавжуд зоналарга киради. Кўчкиларнинг 65–70 фоизи қор эриши, кучли ёғингарчилик ва ер ости сувлари таъсирида, 20–25 фоизи эса зилзилалар оқибатида юз беради.

Экстремал иссиқлик. Юқори ҳарорат ҳам иқтисодиётга таъсир қилувчи омиллардан биридир. Иссиқлик даражаси меҳнат унумдорлигига ҳам салбий таъсир қилади. Маълумотлар келтирилишича, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида юқори ҳарорат хавфи ўртача даражада баҳоланган бўлса-да, Сурхондарё вилояти энг юқори хавфли ҳудуд сифатида қайд этилган. Бунга ҳудуднинг географик жойлашуви ва тоғлар билан ўралгани сабаб ҳаво алмашинуви чекланиши сабаб бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, 1950–2020 йиллар давомида Ўзбекистонда ўртача ҳаво ҳарорати 2,9 даражага ошган. Прогнозлар натижасига аср охиригача бу кўрсаткич яна 1,21–1,94 даражага кўтарилиши мумкин.

Ҳароратнинг ошиши нафақат аҳоли саломатлиги, балки иқтисодиётга ҳам бевосита таъсир қилади. Хусусан, ҳаво ҳарорати ҳар бир даражага ошганда электр энергиясига бўлган талаб ўртача 0,5–8,5 фоизга кўпайиши мумкин. Бу, асосан, турар жой ва иш жойларида совутиш тизимларига бўлган эҳтиёжни оширади.  Натижада электр тармоқларига юклама кучаяди. Электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши, айниқса тарифлар ошган шароитда, корхоналар ва аҳоли харажатларини янада кўпайтиради.

Бундан ташқари, кучли иссиқлик транспорт инфратузилмасига ҳам салбий таъсир кўрсатиши, айрим йўл ва биноларнинг тезроқ эскиришига олиб келиши мумкин. Иссиқ об-ҳаво меҳнат самарадорлигини ҳам пасайтиради. Айниқса, қурилишда ишлаётганларнинг иш унумдорлиги 20–30 фоизгача камайиши мумкин.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарларни камайтириш мақсадида Марказий банк бир қатор чораларни таклиф қилмоқда. Жумладан, банкларнинг сув танқислиги, қурғоқчилик ва бошқа иқлим ўзгариҳсларига қай даражада тайёр эканини аниқлаш учун иқлим стресс-тестларини ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, иқлим хавфи юқори бўлган йўналишларга кредит ажратишда эҳтиёткорроқ ёндашиш, аксинча, қайта тикланувчи энергия ва бошқа яшил энергия лойиҳаларига эса кўпроқ маблағ йўналтириш таклиф этилган.

Иқлим стресс-тести нима?

Иқлим стресс-тести — бу иқлим ўзгариши банклар фаолиятига қандай таъсир қилиши мумкинлигини олдиндан текшириш усули ҳисобланади.

Тест орқали  қурғоқчилик, сув танқислиги ёки бошқа табиий офатлар юз берса, фермер ва корхоналар кредитларини ўз вақтида қайтара оладими, банклар эса бундан қандай зарар кўриш эҳтимоли борлиги баҳоланади.

Шунингдек, сув танқислиги кучайса ёки ҳаво ҳарорати ошса, банкларнинг молиявий ҳолати қандай ўзгариши ҳам ҳисоблаб чиқилади.

Шу орқали банклар эҳтимолий хатарларни олдиндан кўриб, зарур чораларни белгилаш имкониятига эга бўлади. Бу тестларни ўтказиш иқтисодиётга келадиган зарарларни олдини олишга ёрдам бериши мумкин.

Умуман олганда, бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилаётган асосий хавфлар геосиёсий вазият, кредит хатарлари, киберхавфсизлик таҳдидлари ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Бу омиллар савдо, банк тизими, ишлаб чиқариш ҳамда аҳоли даромадларига бевосита таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли ушбу хавфларни олдиндан баҳолаш ва уларга мос чораларни кўриш асосий вазифа сифатида кўрилмоқда. 

 

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон иқтисодиётига нималар хавф солмоқда? | Vaqt.uz