Logo

Ўзбекистон июл ойида 1,3 млрд долларлик олтин сотди

Мамлакат охирги марта апрел ойида 1,5 млрд долларлик олтин сотганди.

Ўзбекистон июл ойида 1,3 млрд долларлик олтин сотди © Bloomberg

Ўзбекистон 2026-йил июл ойида 1,3 млрд долларлик олтин экспорт қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.

Январ-июл ойларида олтин экспортининг умумий қиймати 2,8 млрд доллардан ошди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги нисбатан 2,7 баравар кам. 2025-йилнинг январ-июл ойларида бу кўрсаткич 7,58 млрд долларни ташкил этганди.

Йилнинг дастлабки етти ойида Ўзбекистон олтинни фақат икки марта — апрел ва июл ойларида экспорт қилди. Апрелгача мамлакат қимматбаҳо металлни охирги марта 2025-йил сентябрида сотган эди.

Экспорт ҳажми камайди

Январ-июл ойларида Ўзбекистоннинг жами экспорти 19,93 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 фоизга кам.

Экспортнинг қисқаришига асосан олтин сотувларининг пасайиши таъсир қилди. Шу билан бирга, бошқа йўналишларда ўсиш қайд этилди.

Жумладан, саноат маҳсулотлари экспорти 22,4 фоизга ошиб, 2,87 млрд долларга етди. Хизматлар экспортидан тушум эса 35,3 фоизга ўсиб, 7,32 млрд долларни ташкил қилди.

Эслатиб ўтамиз, 1-август ҳолатига Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари 64,34 млрд долларни ташкил қилмоқда. Захиралардаги олтин қиймати 56,12 млрд доллар, унинг физик ҳажми эса қарийб 430,8 тоннани ташкил қилади.

Теглар

Мавзуга оид