
Ўзбекистон Канада ва Панама билан ЖСТга аъзолик бўйича келишувларини якунлади
Женевада ўтган ЖСТга аъзо бўлиш бўйича 11-йиғилиш доирасида Ўзбекистон Канада ва Панама билан икки томонлама музокараларни якунлади.

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш бўйича Женева шаҳрида бўлиб ўтган 11-йиғилиш чоғида Ўзбекистон Канада ва Панама билан икки томонлама бозорга кириш шартлари юзасидан музокараларни муваффақиятли якунлади.
Бу ҳақда президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Бозорга кириш юзасидан икки томонлама протоколлар имзоланди ва расмий равишда якунлангани эълон қилинди. Музокаралар мамлакатнинг ташқи савдо тизимини либераллаштириш ва халқаро бозорларга интеграциялашувини рағбатлантириш мақсадида олиб борилди.
«Ўзбекистон делегацияси Канада ва Панама жамоаларига ЖСТга аъзо бўлиш жараёнидаги конструктив ҳамкорлик ва амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди», деб хабар беради Азизбек Ўрунов.
Сентябр ойида Президент Администрацияси раҳбари С.Мирзиёева бошлиқ делегация ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказгани, сўнгра Аргентина, Австралия ва Ҳондурас билан икки томонлама протоколлар имзоланди ҳақида хабар берган эдик.
Энди Ўзбекистон ЖСТга аъзолик учун келишув имзолаши лозим бўлган учта давлат қолди.





