Ўзбекистон Нахчивондан Туркиягача темирйўл қурилишида иштирок этиш имкониятини ўрганмоқда
2030-йилга қадар транспорт хизматлари ҳажмини икки баробар ошириш, соҳага 9,1 млрд доллар инвестиция жалб қилиш ва хизматлар экспортини 5,7 млрд долларга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Туркиянинг Самсун ва Истанбул портларига чиқиш имконини берадиган Нахчивон темирйўлини қуришда иштирок этиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган йиғилишда айтилди.
Йиғилишда Ўзбекистон иштирокида Каспий денгизидаги Ақтау, Туркманбоши ва Боку портларида, шунингдек, Қора денгиздаги Поти ва Анаклия портларида логистика инфратузилмасини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Поти портида логистика марказини ташкил этиш бўйича келишув имзоланган, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилмоқда.
«Ўзбекистоннинг Грузиядаги Анаклия портини ривожлантиришда, шунингдек, Туркиянинг Самсун ва Истанбул портларига чиқиш имконини берадиган Нахчивон темирйўлини қуришда иштирок этиш имкониятлари ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.
2030-йилга қадар транспорт хизматлари ҳажмини икки баробар ошириш, соҳага 9,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва хизматлар экспортини 5,7 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Тақдимотда ушбу мақсадларга эришиш учун амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари, уларнинг муддатлари ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўриб чиқилди.
Аввало, аэропортлар қурилиши ва модернизацияси бўйича ахборот берилди. Тошкент ва Бухорода умумий қиймати қарийб 3 миллиард доллар бўлган янги аэропорт мажмуаларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Янги Тошкент халқаро аэропорти дастлабки босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланиб, ҳудудни қурилишга тайёрлаш ва муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари амалга оширилмоқда.
Янги Бухоро халқаро аэропортида аэродром инфратузилмаси барпо этилмоқда. Йўловчи терминалини қуриш ва бошқаришга хусусий шерикни жалб қилиш бўйича халқаро тендер ўтказилмоқда.
Шунингдек, Урганч, Наманган аэропортларини давлат-хусусий шериклик асосида, Андижон аэропортини хусусий операторни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш лойиҳаларининг бориши кўриб чиқилди. Натижада аэропортларнинг ўтказувчанлиги оширилиб, йўловчиларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяди.
Автомобил йўллари инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Август ойида қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган Тошкент – Самарқанд пулли автомобил йўли қурилишига старт берилди. Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи илк пулли йўл ишга туширилди.
Тақдимотда Тошкент – Самарқанд лойиҳасининг кейинги босқичларини молиялаштириш, Тошкент – Андижон ва Тошкент – Бўстонлиқ пулли йўллари бўйича инвесторларни аниқлаш ҳамда амалий ишларни бошлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Темирйўл тармоғининг ўтказувчанлигини ошириш бўйича таклифлар тақдим этилди. Мактаарал – Сирдарё, Ангрен – Поп, Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон, Тошкент – Самарқанд ва Тўқимачи – Ангрен йўналишларини модернизация қилиш чоралари кўриб чиқилди. Ушбу ишларга 200 миллион доллар йўналтириш ҳисобига участкаларнинг ўтказувчанлигини 25-30 фоизга ошириш мумкинлиги қайд этилди.
«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилиши, Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темирйўл барпо этиш, ҳудудлардаги темирйўл тармоқларини кенгайтириш ва электрлаштириш лойиҳалари юзасидан ахборот берилди. Юк вагонлари паркини янгилаш, мазкур жараёнга хусусий секторни кенг жалб қилиш таклифлари ҳам муҳокама қилинди.





