Ўзбекистон Қурбон ҳайити арафасида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

Бугун 19:401 дақиқа

Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистон селдан жабрланган афғон аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини етказди.

Ўзбекистон Қурбон ҳайити арафасида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

25 май куни Ўзбекистондан 200 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган юклар Афғонистоннинг Балх вилоятига етказилди.

Маълум қилинишича, инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан амалга оширилган. Ташаббус ўзбек халқининг бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш анъаналари рамзи сифатида ҳамда сел-сув тошқинларидан жабрланган аҳолига кўмак бериш мақсадида ташкил этилган.

Ёрдам юкларини топшириш маросими Ҳайратон шаҳридаги «Astras» компанияси ҳудудида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Балх вилояти губернатори ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис ва икки мамлакат расмийлари қатнашди.

Юборилган маҳсулотлар

Инсонпарварлик юки таркибига аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари киритилган. Улар орасида ун, гуруч, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, нўхат ҳамда тез тайёрланадиган озиқ-овқатлар бор.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ташаббусларини мунтазам давом эттириб келмоқда. Бу ҳамкорлик қўшни давлат аҳолиси учун озиқ-овқат, тиббий ва бошқа зарур ёрдамларни қамраб олади.

Аввалроқ Ўзбекистон Эронга 15 та юк машинасига ортилган фармацевтика ва тиббий буюмлар ортилган иккинчи гуманитар ёрдам карвонини юборган эди.

Теглар

Мавзуга оид