Logo

Ўзбекистон сукукка оид қонунчиликни жорий этиш олдидан Малайзия тажрибасини ўрганмоқда

Бугун 21:452 дақиқа

Ўзбекистонда сукук жорий этишга тайёргарлик доирасида делегация Малайзияда ислом капитал бозорини тартибга солиш, сукук ва «яшил» сукук чиқариш, солиқ механизмлари ҳамда шариат стандартларини қўллаш тажрибасини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон сукукка оид қонунчиликни жорий этиш олдидан Малайзия тажрибасини ўрганмоқда © Istiqbolli loyihalar milliy agentligi matbuot xizmati

Ўзбекистон делегацияси ислом капитал бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида танишув ташрифида бўлиб турибди. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълум қилди.

Малайзия тажрибасини ўрганиш «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг сукукка оид нормаларини амалиётга татбиқ этишга тайёргарлик кўриш, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистонда ислом молияси бозорини янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

Танишув ташрифи Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури, Ислом тараққиёт банки ва Осиё тараққиёт банки кўмагида ташкил этилган.

Ташриф доирасида делегация аъзолари INCEIF университети, Малайзия Қимматли қоғозлар комиссияси (SC), Малайзия Солиқ бошқармаси (LHDN), Малайзия фонд биржаси (Bursa Malaysia), шунингдек, Ислом молиявий хизматлари кенгаши (IFSB) вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар давомида ислом молияси экотизимини шакллантириш ва ривожлантириш, ислом капитал бозорини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари, молиявий инструментларнинг шариат талабларига мувофиқлигини таъминлаш механизмлари ўрганилди. Шунингдек, сукук, жумладан, «яшил» сукукни чиқариш амалиёти кўриб чиқилди.

Учрашувларда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:

• ислом молиявий инструментларини солиққа тортиш хусусиятлари ва уларга нисбатан қўлланиладиган солиқ имтиёзлари;

• сукукни фонд биржаси листингига киритиш ва улар билан биржа савдоларини ташкил этиш тартиби;

• шариат тамойилларига мувофиқ фаолият юритувчи инвестиция платформалари;

• ислом молияси соҳасидаги халқаро стандартларни қўллаш.

Делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, «Тошкент» республика фонд биржаси ҳамда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси вакиллари ўрин олган. Шунингдек, ташрифда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва «Al-Muamalat Consulting» компанияси вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид