
Ўзбекистон ва АҚШ фуқаролар ва бизнес учун визаларни соддалаштиришни муҳокама қилади
Boeing 787−9 Dreamliner самолётлари етказиб берилиши ортидан Ўзбекистондан АҚШ шаҳарларига парвозлар кенгаяди, визалар соддалаштирилиб, туризм ва бизнес ривожлантирилади.

Ўзбекистон ва АҚШ ўзаро виза режимини соддалаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди, деб ёзмоқда Spot.uz. Унинг таъкидлашича, бу жараён икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Чориевнинг айтишича, Uzbekistan Airways билан Boeing ўртасида тузилган 22 та 787−9 Dreamliner самолётини харид қилишга оид шартнома АҚШ шаҳарларига тўғридан тўғри рейслар сонини оширишга йўл очади. Шу орқали узоқ масофали йўналишлар географияси янада кенгаяди, айниқса Америка бозорида.
Транспорт вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, виза бекор қилиниши ва янги авиақатновлар ишга тушиши туризм соҳасига ижобий таъсир кўрсатади.
«Яқинда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз режим жорий этилади», — деди Чориев.
Маълумот учун, май ойида Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий этиш таклифини берган. Бунга жавоб тариқасида, АҚШ томонидан ҳам ўзбекистонликлар учун виза талабларини енгиллаштириш кутилмоқда.
Президент Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси Комил Алламжоновга кўра, октябрда бўлиб ўтган учрашувда АҚШ Давлат департаменти вакили Кристофер Ландау ва Жанубий ҳамда Марказий Осиё бўйича махсус вакил Сержио Гор визалар масаласини кўтарган. Улар B1/B2 визаларини 10 йилгача узайтиришни таклиф этган.





