add

Ўзбекистон ва Туркия ўзаро савдони 5 млрд долларгача кенгайтирмоқчи

Анқарада ўтган учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, йиллик савдо ҳажмини 5 млрд долларгача етказиш мақсади белгилаб олинди.

Ўзбекистон ва Туркия ўзаро савдони 5 млрд долларгача кенгайтирмоқчи

Туркия пойтахти Анқара шаҳрида «Туркия–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик имкониятлари» деб номланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, EkoAvrasya фонди ва TÜRKSİT ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва савдо салоҳияти, янги бозорлар ва инвестиция имкониятлари кенг муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Туркиянинг Haberler.com нашри.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Илҳом Ҳайдаров ўз чиқишида «савдо дипломатияси»ни устувор йўналиш сифатида қайд этиб, турк инвесторларини Ўзбекистонга сармоя киритишга чақирди. У мамлакатда юқори технологияли соҳалар — мудофаа саноати, электрон маҳсулотлар ва мисни қайта ишлаш каби тармоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Элчи, шунингдек, Туркиянинг энергетика марказига айланганини қайд этиб, Ўзбекистон ҳам энергетика соҳасини стратегик жиҳатдан ривожлантиришга қизиқиш билдиришини билдирди.

EkoAvrasya фонди раҳбари Ҳикмат Эрен эса икки мамлакат муносабатлари рамзий дўстлик даражасидан анча юқори эканини таъкидлади. У савдо, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва технология соҳаларида аниқ лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди.

Эреннинг сўзларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1,3 млрд доллардан ошган. Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи йирик савдо ҳамкорига айланган. Унинг таъкидлашича, умумий мақсад — икки томонлама савдо ҳажмини яқин йилларда 5 млрд долларга етказиш.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Туркия ўзаро савдони 5 млрд долларгача кенгайтирмоқчи | Vaqt.uz