
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо ҳажми 1 млрд доллардан ошди
Бу ҳақида Президентлар Мирзиёев ва Бердимуҳамедов ўртасида бўлиб ўтган икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокараларида маълум қилинди. Шунингдек, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг кенгайтирилган таркибда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Мирзиёев давлат ташрифини икки асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлигининг ёрқин ифодаси сифатида баҳолади.
Музокараларда савдо, транспорт, энергетика, сув хўжалиги каби тармоқларда амалга оширилган ишларнинг ижобий натижалари тилга олинди. Президент Мирзиёев сўнгги йиллар давомида олинган барча ютуқларда Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг улкан ҳиссасини ҳам алоҳида қайд этди.
Ундан ташқари, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми икки баробарга кўпайиб, 1 миллиард доллардан ошгани маълум қилинди. Мамлакатлар маҳсулот турларини кенгайтириш ва эркин савдо имкониятларидан фойдаланиш орқали бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш мумкинлиги таъкидланди.
Шунингдек, «Шовот-Тошҳовуз» чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши ҳам товар айирбошлашни кўпайтиришга хизмат қилади. Ушбу тажрибани бошқа манзилларда, биринчи навбатда, «Олот-Фараб» ҳудудида қўллаш бўйича келишувга эришилди.
Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳаларга бизнесни фаол жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Энергетика соҳасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Янада кенгроқ лойиҳаларга ўтиш, шу жумладан, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштиришга келишиб олинди.
Транспорт соҳаси икки мамлакат иқтисодиётларини боғлайдиган муҳим бўғин ҳисобланади. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, божхона-логистика тартиблари соддалаштирилмоқда. Томонлар Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш ва пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб олдилар.
Эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш учун йил охиригача Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари ўтказилади.
Етакчилар гуманитар соҳа кўп қиррали алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори эканлигига урғу бердилар. Урганч ва Тошкентда Туркманистон маданияти кунлари ва туркман фильмлари намойишлари муваффақиятли ўтказилганини таъкидладилар.
Ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш учун томонлар ўзаро концертлар ва театрларнинг ижодий сафарларини мунтазам равишда ўтказиш, Хивада Ёшлар форумини ташкил этиш ва биргаликда фильмлар ишлаб чиқариш амалиётини давом эттиришга келишиб олдилар.
Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани борасидаги алмашинувлар фаоллашади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан масъулларга топшириқ бердилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев ва Тўқаев раислигидаги учрашувда стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга доир муҳим келишувлар амалга оширилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





