
Ўзбекистон Хитой фуқаролари учун визасиз режимни 30 кунга узайтирди
Ўзбекистон Хитой фуқаролари учун визасиз режимни 30 кунгача узайтирди ва Яқин Шарқнинг 6 давлати фуқаролари учун визасиз кириш тартибини жорий этди. Шунингдек, 15 давлат фуқаролари учун хизмат визалари расмийлаштириш соддалаштирилди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 21 октябрда қабул қилган қарорга мувофиқ, мамлакатга киришда визасиз режим амал қиладиган давлатлар рўйхати кенгайтирилди. Янги тартибга кўра, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон, Саудия Арабистони ва Иордания фуқаролари мамлакатга визасиз кириб, 30 кунгача қолиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, Хитой фуқаролари учун ҳам визасиз бўлиш муддати 30 кунгача узайтирилди. Бироқ Ҳонгконг аҳолиси учун аввалги қоида ўзгармасдан қолди — уларга Ўзбекистонга визасиз кириш 7 кунгача рухсат этилади.
Қарорда айтилишича, Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш мақсадида 15 давлат фуқаролари учун хизмат (бизнес) визаларини расмийлаштириш жараёнини соддалаштирмоқда.
Хусусан, Австрия, Бельгия, Германия, Франция, Италия, Испания, Буюк Британия, Япония, Малайзия, Чехия, Латвия ва Швейцария фуқаролари учун виза икки иш куни ичида берилади. Бир вақтнинг ўзида, Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун — уч иш кунида, Эрон ва Покистон фуқаролари учун эса уч иш куни (айрим ҳолатларда ўн кунгача) муддатда расмийлаштирилади.
Эрон ва Покистон билан виза тартибини соддалаштириш бўйича келишувлар тадбиркорлар, олимлар ва сайёҳлик гуруҳлари учун амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги келишув 2022 йил сентябрда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида имзоланган ва шу йили кучга кирган эди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур чоралар Ўзбекистоннинг халқаро туризм ва бизнес муҳитини янада очиқ ва рақобатбардош қилишга хизмат қилади.





