add

Ўзбекистон ядровий хавфсизлик бўйича Вена конвенциясига қўшиляпти

Ўзбекистон Халқаро атом энергияси агентлигига «Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисида»ги Вена конвенциясига қўшилиш ҳақидаги ҳужжатни топширди.

Ўзбекистон ядровий хавфсизлик бўйича Вена конвенциясига қўшиляпти

8 ноябр куни Вена шаҳридаги Халқаро атом энергияси агентлиги бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг «Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисида»ги Вена конвенциясига қўшилишига бағишланган расмий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик бош директори Рафаэл Гроссининг таъкидлашича, 2024 йилда Тошкентга ташрифи давомида у Шавкат Мирзиёев билан мамлакатнинг ядровий соҳадаги халқаро келишувларга қўшилиши масаласини муҳокама қилган. Ушбу жараён натижасида Ўзбекистон қисқа вақт ичида «Ядровий хавфсизлик», «Ядровий аврияда ёрдам кўрсатиш», «Ядровий фалокат ҳақида барвақт хабар бериш» ҳамда «Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги» ҳақидаги Вена конвенцияларига қўшилди.

Қайд этилишича, Гросси бу қарорни давлат раҳбарининг шахсий ташаббуси ва ядровий хавфсизликка бўлган қатъий эътибори самараси сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бу қадам Ўзбекистоннинг ядровий соҳада халқаро мажбуриятларга содиқлигини ва барқарор ривожланиш йўлидаги стратегиясини намоён этади.

Маълумот учун, 2025 йил 26 сентябрда «Ўзбекистон Республикасининг Вена конвенциясига қўшилиши тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Ҳозирда ядровий энергетикани ривожлантириш, жумладан, атом электр станцияси ва кичик модулли реакторлар қуриш бўйича ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ядровий хавфсизлик бўйича Вена конвенциясига қўшиляпти | Vaqt.uz