Logo

Ўзбекистон Европа ва АҚШдан газ инвесторларини қидирмоқда — Bloomberg

Бугун 17:393 дақиқа

Агентлик хабар беришича, ҳукумат British Petroleum билан келишувдан сўнг газ конларини ривожлантириш учун Ғарб давлатлари билан ҳамкорлик қилиш устида ишламоқда.

Ўзбекистон Европа ва АҚШдан газ инвесторларини қидирмоқда — Bloomberg © Foto: Bloomberg

Ўзбекистон ҳукумати Британиянинг BP компаниясидан инвестиция жалб қилганидан сўнг мамлакатнинг табиий газ секторига Европа ва АҚШнинг йирик энергетика компанияларини олиб кириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.

«Ҳукумат маҳсулотни тақсимлаш шартномалари орқали газ конларини ривожлантириш учун бошқа йирик Европа ва Америка компанияларини жалб қилиш устида ишламоқда. Газ Ўзбекистонда қолади ва кўп йиллар давомида мамлакат энергия аралашмасининг муҳим қисми бўлиб қолаверади», — деди Иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть-газ соҳаси бўйича ўринбосари Хуршед Мустафаев.



Bloomberg ёзишича, Марказий Осиё давлати тахминан 2 триллион кубометр тасдиқланган газ захираларига эга, аммо сўнгги йилларда эскирган конлар пасайиб бораётгани сабабли ишлаб чиқариш камайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 6 фоиздан ортиқ ўсиб бормоқда, бу эса энергия талабини оширмоқда. 2025 йилдаги иқтисодий ўсиш 7,7 фоизни ташкил қилиб, 147 млрд доллардан ошганди.

Май ойида Британиянинг British Petroleum энергетика компанияси Ўзбекистоннинг Устюрт минтақасидаги нефть ва газ қидирув ишларида иштирок этиши маълум бўлганди.

Бунда BP маҳсулотни тақсимлашга оид битим доирасида олтита қидирув блокини қамраб олувчи лойиҳанинг 40 фоиз улушини сотиб олган. Лойиҳанинг қолган қисми Озарбайжон давлат энергетика компанияси Socar ва «Ўзбекнефтгаз»га тегишли бўлиб қолади.

Электр энергиясидан фойдаланиш ортиб бораётгани сабабли, мамлакатда қайта тикланадиган энергия манбалари ҳам оммалашмоқда. Уларнинг улуши аллақачон энергия балансининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади. Мустафаевнинг айтишича, бу улуш 2030 йилнинг охирига келиб тахминан 25 фоизга етиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда бу соҳанинг ривожланиши тоза энергия лойиҳаларини ривожлантириш учун миллиардлаб доллар сарфлаётган Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳозирда ACWA Power Ўзбекистонда электр узатиш инфратузилмаси ва йирик қувватли энергия сақлаш тизимларини (батареялар) қуриш лойиҳаларида ҳам иштирок этмоқда. Мустафаевга кўра, мамлакат юқори кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш учун қарийб 2 млрд доллар, паст кучланишли инфратузилмани модернизация қилиш учун эса яна шунча маблағ йўналтиришни режалаштирмоқда.

Газ ишлаб чиқариш пасаймоқда

Vaqt.uz аввалроқ Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш ҳажми камайиб, импорт ҳажми ортиб бораётгани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, жорий йилнинг январь–апрель ойларида мамлакатда табиий газ ишлаб чиқариш 16 фоизга қисқариб, 12,6 млрд куб метрни ташкил қилди.

Газ қазиб олиш ҳажмининг пасайиши Ўзбекистонда 2019 йилдан буён кузатилмоқда. Ўша йили мамлакатда 60 млрд куб метрдан ортиқ газ ишлаб чиқарилган.

1



2025 йилда газ қазиб олиш ҳажми 42,3 млрд куб метргача тушиб, сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бирига айланди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, 2026 йилда ҳам ушбу тенденция сақланиб қолиб, ишлаб чиқариш 40,2 млрд куб метргача камайиши кутилмоқда.

Режага кўра, 2026 йилдан кейин газ қазиб олиш яна ўсиш босқичига ўтади ва 2030 йилга келиб 48,5 млрд куб метрга етади.

Келгуси йилларда газ қазиб олиш ҳажми қуйидагича бўлиши прогноз қилинмоқда:
— 2027 йил — 42,9 млрд куб метр (+6,7 фоиз);
— 2028 йил — 44,5 млрд куб метр (+3,7 фоиз);
— 2029 йил — 45,5 млрд куб метр (+2,2 фоиз);
— 2030 йил — 48,5 млрд куб метр (+6,6 фоиз).

Теглар

Мавзуга оид