
Ўзбекистонда 11 ойда 273,2 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди
2025 йилда қурилиш соҳасида юқори ўсиш суръати сақланиб, бажарилган ишлар ҳажми бир йилда қарийб 15 фоизга ортди.

Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида жами 273,2 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Миллий статистика қўмитасига кўра, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,6 фоизга ўсган.
Қайд этиш жоизки, охирги йилларда қурилиш соҳасидаги ўсиш динамикаси барқарор тус олмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг январ–ноябр ойларида 114,9 трлн сўмлик, 2023 йилда 134 трлн сўмлик, 2024 йилда эса 225,1 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. 2025 йилда бу кўрсаткич 273,3 трлн сўмга етиб, сўнгги тўрт йилда энг юқори натижани қайд этди.
Ҳудудлар кесимида энг катта қурилиш ишлари ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда 11 ой давомида 78,8 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Бу ҳудудлар бўйича умумий ҳажмнинг катта қисмини ташкил этади.
Шунингдек, Тошкент вилояти 29,9 трлн сўм билан иккинчи ўринни эгаллади. Самарқанд да 17,4 трлн сўм, Фарғонада 16,3 трлн сўм ва Бухорода 16,3 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Қашқадарё вилоятида мазкур кўрсаткич 15,9 трлн сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, Андижон ва Наманган вилоятларида мос равишда 13,9 трлн сўм ва 13,8 трлн сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган. Шу жумладан, Сурхондарёда 13,4 трлн сўм, Навоийда 13 трлн сўм, Хоразмда 11,4 трлн сўмлик қурилиш ишлари қайд этилган.
Қурилиш ҳажми нисбатан кам бўлган ҳудудлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси 8,9 трлн сўм, Жиззах вилояти 7,2 трлн сўм ва Сирдарё вилояти 5,8 трлн сўм кўрсаткич билан қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил ноябр ойида Ўзбекистонда уй-жой олди-сотдиси 13,2 фоизга ошгани ҳақида хабар бергандик.



