Logo

Ўзбекистонда 18 ёшдан катта аҳолининг қарийб учдан икки қисми ортиқча вазн билан яшамоқда

Бугун 14:152 дақиқа

Ўзбекистонда катта ёшли аҳолининг 64 фоизида ортиқча вазн ёки семизлик бор. Бу кўрсаткич билан мамлакат МДҲ давлатлари орасида энг юқори ўринда турибди.

Ўзбекистонда 18 ёшдан катта аҳолининг қарийб учдан икки қисми ортиқча вазн билан яшамоқда © Vladimir Vladimirov/E+/Getty Images

Ўзбекистонда 18 ёшдан катта аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазн ёки семизлик билан яшамоқда. Бу кўрсаткич МДҲ давлатлари орасидаги энг юқориси ҳисобланади.

«Оur World in Data» келтирган статистикага кўра, Ўзбекистонда тана вазни индекси 25 ва ундан юқори бўлган, катта ёшли аҳолининг улуши 1980 йилда 28 фоиз атрофида бўлган. 2024-йилга келиб бу кўрсаткич 64 фоизга етган.

МДҲ давлатларида, хусусан, Озарбайжонда у 63 фоиз, Молдовада 61 фоизни, Россияда 56 фоизни, Беларусда эса 55 фоизи ташкил этган. Марказий Осиёда Туркманистон ва Тожикистон 58 фоиздан, Қозоғистон ва Қирғизистон 56 фоиздан қайд этган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ортиқча вазн муаммоси билан бир қаторда семизлик даражаси ҳам юқори. 18–64 ёшдаги аҳолининг қарийб 20 фоизи семизлик билан яшайди. Ортиқча вазн ва семизлик эса юрак-қон томир касалликлари, юқори қон босими ва 2-тоифа қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар хавфини оширади.

Мутахассислар фикрича, овқатланиш тарзи бу муаммоларнинг асосий сабаби ҳисобланади. Ўзбекистонда бир киши кунига ўртача 14,9 грамм туз истеъмол қилади. Бу ЖССТ тавсия этган 5 граммлик меъёрдан қарийб уч баробар кўп. Аҳолининг тахминан учдан бир қисми эса етарли миқдорда мева ва сабзавот истеъмол қилмайди. Шунингдек, 46 фоиз аҳолида холестерин миқдори юқори экани қайд этилган.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2022-йилда дунёдаги катта ёшли аҳолининг 43 фоизи ортиқча вазнли, 16 фоизи эса семизлик билан яшаган. 1990 йилда ортиқча вазнли катталар улуши 25 фоиз эди. Мамлакатлар кесимида ҳам фарқ катта: АҚШда катта ёшлиларнинг 71 фоизи, БААда 70 фоизи, Буюк Британияда 62 фоизи ортиқча вазнли бўлса, Японияда бу кўрсаткич 24 фоизни ташкил этади.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда 18 ёшдан катта аҳолининг қарийб учдан икки қисми ортиқча вазн билан яшамоқда | Vaqt.uz