Ўзбекистонда АЭСда радиациявий авария юз берганда ҳаракат қилиш тартиби белгиланди
АЭСда икки турдаги махсус режим жорий этилиши мумкин.

Ўзбекистонда атом электр станциясида (АЭС) радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки авария содир бўлганда объект даражасидаги авария ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ва шошилинч ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг тегишли қарори асосида қабул қилинган йўриқномада маълум қилинди.
Авариявий режимлар ва қарор қабул қилиш
Ҳужжатга кўра, АЭСда икки турдаги махсус режим жорий этилиши мумкин. «Авариявий тайёргарлик» режими радиациявий авария юзага келиш хавфи бўлганда, хусусан, белгиланган нормалар бузилганда ёки ташқи таъсирлар (зилзила, ёнғин, сув босиши) оқибатида хавфсизлик тизимлари ишида носозлик кузатилганда эълон қилинади.
«Авариявий ҳолат» режими эса бевосита авария содир бўлганда, унинг кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этиш учун киритилади.
«Атом электр станциясида объект даражасидаги «Авариявий тайёргарлик» ёки «Авариявий ҳолат» режимини эълон қилиш тўғрисидаги қарор эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёхуд унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан қабул қилинади», — дейилади тасдиқланган йўриқномада.
Қайд этилишича, раҳбар бўлмаган тақдирда ёки у билан алоқа ўрнатиш имкони топилмаса, бу қарор АЭС смена бошлиғи томонидан қабул қилиниши белгиланган.
Тезкор хабар бериш ва вазият назорати
Маълум қилинишича, смена бошлиғи авария ҳақидаги дастлабки ахборотни зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмаларига ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш давлат тизимининг тегишли органларига етказиши шарт.
Режим эълон қилингандан бошлаб бекор қилингунига қадар ҳар 12 соатда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига ҳамда Атом энергияси агентлигига радиациявий вазият, хавфсизлик ҳолати ва кўрилаётган чоралар тўғрисида алоқа каналлари орқали ахборот бериб борилади.
Бундан ташқари, станция ходимлари бир суткада камида бир марта радиациявий вазиятдан хабардор қилиниб турилиши талаб этилади.
Аварияни бошқариш штаблари ва тайёргарлик машқлари
Авария оқибатларини таҳлил қилиш ва тезкор бартараф этиш учун махсус тузилмалар, жумладан, илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳ, шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳи ҳамда ички ва ташқи авариявий бошқарув штаблари ташкил этилади.
Ички штаб АЭС ҳудудидаги ҳимояланган бошқарув пунктида, ташқи штаб эса станция ҳудудидан ташқаридаги хавфсиз жойда жойлашади.
Таъкидланишича, ходимлар ва қутқарув кучларининг шайлигини текшириш мақсадида йилига камида бир марта объект миқёсидаги аварияга қарши ўқув машқи ўтказилиши мажбурий этиб белгиланган.





