Ўзбекистонда бир йилда битта импорт автомобилига мувофиқлик сертификати бериш нормаси бекор қилинди
Ўзбекистонда импорт қилинадиган автомобиллар учун амал қилиб келган муҳим чеклов бекор қилинди. Энди бир шахс йил давомида бир нечта автомобиль учун мувофиқлик сертификати олиши мумкин.
© vaqt.uzЎзбекистонда жисмоний ва юридик шахслар томонидан транспорт воситаларини импорт қилишда бир календар йил мобайнида фақат битта автомобилга мувофиқлик сертификати бериш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.
Мазкур ўзгариш Президентнинг «Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида амалга оширилди.
Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги 237-сон қарори билан тасдиқланган «Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент»га тегишли ўзгартириш киритилди.
Янги тартиб қандай?
Аввал амалда бўлган нормага кўра, мувофиқлик сертификати бир календар йил давомида бир шахсга фақат бир марта берилиши мумкин эди. Энди ушбу чеклов техник регламентдан чиқариб ташланди.
Бу ўзгариш импорт автомобиллари бозорида рақобатни кучайтириши, фуқаролар ва тадбиркорлар учун транспорт воситаларини олиб кириш жараёнини енгиллаштириши кутилмоқда.
Қурилиш техникасига имтиёз
Фармон билан яна бир муҳим янгилик жорий этилди. Хусусан, 2029 йил 1 июлга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, қурилиш ишларида фойдаланиладиган махсус техникалар, шунингдек лаборатория ва инструментал кўрик учун мўлжалланган асбоб-ускуналарни импорт қилиш божхона божидан озод этилди.
Мазкур имтиёз қурилиш соҳасида замонавий техника ва технологияларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддат ичида ушбу имтиёз татбиқ этиладиган техника ва ускуналар рўйхатини тасдиқлаши лозим.





