Ўзини ўзи банд қилганлар бўйича қайси вазирлик ёлғон гапирмоқда ва «ишли» ишсизлар учун жавоб берадиган борми?
Сўнгги кунларда ўзидан бехабар ишга жойлаштирилган фуқаролар ҳақидаги мурожаатлар ортидан бандлик статистикаси ва шахсий маълумотлар хавфсизлигига оид саволлар кўпаймоқда. Vaqt.uz фуқаролар мурожаатлари ва уч йиллик статистикани ўрганиб, Бандлик вазирлигидан мазкур масала юзасидан изоҳ олди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда минглаб фуқаролар ўзлари билмаган ҳолда турли корхона ва ташкилотларга «ишга жойлаштириб қўйилгани» ҳақидаги хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Меҳнат инспекциясининг маълум қилишича, биргина 2026 йилнинг биринчи ярмида ушбу масалага оид мурожаатлар сони 1,5 мингга етган.
Текширувлар якунларига кўра, 143 та корхона ва ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий ва жиноий чоралар кўрилган, 56 та ташкилотга ёзма кўрсатмалар киритилган. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш мақсадида 2020–2025 йиллар оралиғида Ягона миллий меҳнат тизимига киритилган сохта маълумотлар базадан ўчирилган.
Бироқ бу рақам денгиздан бир томчи, холос. Чунки одамларнинг ўзи бехабар ишга жойлаштирилиши, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилиши ёки меҳнат тарихига ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни киритиш билан боғлиқ муаммо бугун пайдо бўлган эмас.
Vaqt.uz’га ҳам бундай ҳолатлар бўйича ватандошлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг айримлари хорижда ўқиб ёки ишлаб юрган пайтида Ўзбекистонда «ишга кириб қолган», баъзилари университетни тамомламасидан туриб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган.
Қуйида Vaqt.uz’га юборилган ана шундай мурожаатларнинг айримлари келтирилади.
«Маҳаллага борганимда мени ўзини ўзи банд қилган қилиб қўйишди»
Vaqt.uz’га мурожаат қилган фуқароларнинг катта қисми ўзлари билмаган ҳолда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилганини айтмоқда.
«Маҳаллага иш билан борганимда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказишди. “Зарари йўқми?”, деб сўраганимда, солиқ тўланмаса, рўйхат автоматик бекор қилинади, дейишди».
Яна бир мурожаатчининг айтишича, у мактабда ишлашига қарамай, тизимда яна бир корхона ходими сифатида ҳам қайд этилган.
«Мен Фарғона вилояти, Риштон туманидаги мактабда ишлайман. My.gov.uz орқали текширсам, яна “Rishton Agropilla Fayz” фирмасида ҳам ишлаётганим чиқди. Зўрға ўчиртирдим. Маҳалладаги ишсизлар ва мактаб битирувчиларининг деярли барчаси шу фирмага ишга жойлаштирилган, ўзлари эса бундан бехабар».
Хорижда бўлса ҳам, Ўзбекистонда «ишлаяпти»
Мурожаатларнинг яна бир қисми хорижда бўлиб турган фуқароларга тегишли.
«Бир неча йилдан буён Россияда ишлайман. Болалар нафақасига ҳужжат топширганимизда тизимда давлат ташкилотида ишлайди ва юқори маош олади, деган маълумот чиқди. Аслида Наманганда яшайман, базада эса Сурхондарёда ишлайди деб кўрсатилган. Шу сабабли нафақани расмийлаштира олмадик».
Яна бир фойдаланувчи Россияда бўлиб турганида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтгани ҳақида SMS келганини ёзади.
«Россияда бўлиб турган танишимга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтгани ҳақида SMS келган. Ўзбекистонга қайтмагунча бу ҳолатни бекор қилишнинг иложи бўлмаган».
Битирувчилар ҳам статистикани тўлдириш воситасига айланган
Мурожаатлар орасида олий таълим муассасалари битирувчиларининг ҳикоялари ҳам бор.
Улардан бири университетни битириш арафасида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишга мажбур қилинганини айтади.
«Бу йил университетни тамомладим. Малакавий амалиёт баҳосини олиш учун мени ва курсдошларимни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишга мажбур қилишди. Натижада статистикада иш билан таъминланган битирувчилар бўлиб қолдик».
Яна бир битирувчининг ёзишича, унда ҳам ихтиёрий, лекин мажбурий тарзда рўйхатдан ўтказилганини эслайди.
«2025 йилда университетни битираётганимизда хонама-хона юриб, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан қандай ўтишни ўргатишди. Кейин мен ва курсдошларимнинг барчасини рўйхатдан ўтказишди. “Рўйхатдан ўтмасангиз, эртага диплом олишда муаммо бўлади”, деб айтишганди».
Тизимдаги хатони тузатиш ҳам осон эмас
Айрим фуқаролар нотўғри маълумотни аниқлагач ҳам уни ўчириш осон бўлмаганини айтмоқда.
«My.gov.uz орқали текширсам, мени иккита фермер хўжалигида ишлаган деб кўрсатган. Аслида эса бундай жойларда умуман ишламаганман».
Яна бир мурожаатчининг ёзишича, у муаммони ҳал қилиш учун бир нечта идорага мурожаат қилган.
«Тўққиз ойдан бери ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатида эканман. Корхонани топа олмаганим сабабли прокуратура, фуқаролик суди ва Бандлик органларига мурожаат қилдим. Аммо масала ҳалигача ечим топгани йўқ».
Бошқа бир фойдаланувчи эса хорижда бўлган вақтида фермер хўжалигида ишлаган деб қайд этилганини ёзади.
«Икки йил ҳокимликда, қарийб икки йил мактабда ишлаганман. My.gov.uz’даги шахсий кабинетимни текширганимда хорижда бўлган давримда 28 кун фермер хўжалигида оддий ишчи сифатида ишлаганим қайд этилганини кўрдим. Аслида эса ўша вақтда Ўзбекистонда бўлмаганман».
Яна бир фуқаро эса бир неча йил олдин ишдан бўшаган бўлишига қарамай, тизимда ҳануз ўша корхона ходими сифатида кўрсатилаётганини билдирган.
«2021 йилда бир корхонада ишлаганман. My.gov.uz орқали текширсам, 2026 йил март ойида ҳам ўша корхонада ишлаётганим кўрсатилган. Аслида эса икки йилдан буён декрет таътилидаман».
Ўзини ўзи банд қилганлар сони қандай ўзгарди?
Фуқароларнинг мурожаатлари ортидан яна бир савол пайдо бўлади. Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилганлар сони бўйича эълон қилинган расмий статистика бир-бирига қанчалик мос? Рақамларга қаралса, манзара жуда қизиқ.
2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўзини ўзи банд қилганлар сони 1,6 млн нафарни ташкил этган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич икки баравардан кўпроқ ошиб, 3,5 млн нафарга етди.
2025 йилда эса Солиқ қўмитаси ўзини ўзи банд қилганлар сони 5,5 миллиондан ошганини маълум қилди. Бу ўша пайтдаги рекорд кўрсаткич эди.
Орадан яна бир йил ўтиб, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов 14 июл куни «Ахборот 24» (8:20 дақиқада) телеканалига берган интервьюсида ҳозирги кунда «ўзбандлар» сони 2,8 млн нафар эканини маълум қилди.
Аммо Солиқ қўмитаси 2026 йил учун расмий статистикани ҳали эълон қилгани йўқ.
Агар мавжуд икки рақамни таққосласак, бир йил ичида 2,7 млнга яқин ўзини ўзи банд қилган ватандош статистикадан «йўқолган» бўлиб чиқади. Соддароқ айтганда, ўзини ўзи банд қилганлар сони бир йилда қарийб икки баравар қисқарган дегани.

Манба: Солиқ қўмитаси маълумотлари (2026 йилги кўрсаткич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган).
Бунинг ортидан эса бир қанча саволлар туғилади. Биринчидан, нега бир йилда статистика каррасига қисқариб кетди? Ким, қайси вазирлик рақамлар келтиришда кўзбўямачилик қиляпти? Аввалги йиллардаги статистика ҳам шиширилган ва ишлилар ҳамда ўзини банд қилганлар сони ёлғон бўлганми?
Бандлик вазирлиги: Ўзини ўзи банд қилганлар сони 5 миллиондан ошади
Ўзини ўзи банд қилганларнинг 1 йиллик кўрсаткичлари билан боғлиқ жуда катта тафовутга ойдинлик киритиш мақсадида Vaqt.uz Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Марат Жўраев билан суҳбатлашди. Вазир ўринбосарининг айтишича, мамлакатда ўзини ўзи банд қилганлар сони 2,8 миллион эмас, балки 5 миллиондан ҳам кўп.
«Нормал ҳолатда 5 млндан юқори ҳали ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар бор. Ҳозир Солиқ қўмитаси билан бирга маълумот тайёрлаяпмиз. Уни оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликка тақдим қиламиз. Ҳозирча айтишим мумкинки, рўйхатдан ўтган ўзини ўзи банд қилганлар сони 5 млндан юқори», – деб Vaqt.uz’га маълум қилди вазир ўринбосари.
Бироқ бу рақамлар аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари томонидан эълон қилинган статистика билан мос келмайди. Vaqt.uz мухбирининг Марат Жўраевдан ушбу тафовутга изоҳ беришни ҳам сўради.
— Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Фозил Каримов «Ахборот»даги интервьюсида ўзини ўзи банд қилганлар сонини 2,8 млн деб айтганди. Сиз эса 5 млндан ортиқ деяпсиз. Демак, у келтирган рақам нотўғрими?
— Билмайман.
Шунингдек, суҳбат давомида нафақат ўзини ўзи банд қилганлар сони бўйича расмий статистикадаги тафовут, балки фуқароларнинг ўзидан бехабар ишга жойлаштирилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ҳам вазирлик муносабатини сўради.
Жўраевнинг айтишича, вазирлик бу муаммодан хабардор ва унга «ўта салбий» муносабатда.
«Бу жуда салбий ҳолат. Вазирлигимиз бунга ўта салбий нуқтайи назардан қарайди. Бу масала билан бевосита шуғулланаётган вазирликмиз. Меҳнат инспекцияси бу масалани алоҳида назоратга олган», – дейди Бандлик вазири ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, Меҳнат инспекцияси аниқлаган қарийб 1,5 мингта ҳолат асосан аввалги йилларда содир бўлган қонунбузарликлар билан боғлиқ.
«Айтиб ўтган 1500 та атрофидаги ҳолатлар ўтган йиллардан ўтувчи ҳолатлар. Яъни 2026 йилда бу ҳолатларнинг олди олинди тўлиқ», – айтмоқда Марат Жўраев.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун меҳнат шартномаларини тузиш тартиби ўзгартирилмоқда.
«Меҳнат шартномаси имзоланганда уни электрон тарзда имзолаш ва бунда шартнома икки томонлама электрон рақамли имзо ёки Face ID орқали имзоланишини қонунчиликка киритаяпмиз. Қонун қабул бўлса, меҳнат шартномаларини Face ID орқали тасдиқлаган ҳолда имзолаш амалиётга жорий қилинади. Face ID ҳеч қачон фуқаронинг иштирокисиз ёки хабарисиз амалга ошириш имконини бермайди, деб ўйлайман», – дейди у.
Шунингдек, Жўраев фуқароларнинг шахсий маълумотлари қаердан сизиб чиқаётгани ҳам ўрганилаётганини айтди.
«Шахсга доир маълумотларнинг тарқалиши бизнинг вазирлик ваколатига кирмайди. Лекин биз тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Бу маълумотлар айнан бизнинг тизимдан чиқяптими ёки бошқа тизимларданми, буни ҳам охиригача аниқлаб, қўшимча муносабат билдирамиз», – дейди Бандлик вазирлиги мутасаддиси.
Мурожаатлар билан ишлаш механизмлари ҳақида гапирар экан, вазир ўринбосари қуйидагиларни маълум қилди:
«Ягона миллий меҳнат тизими дирекциясида мурожаатларга тезкор жавоб берувчи алоҳида блок ташкил қилдик. Ҳар бир ҳудудда дирекция вакилини алоҳида штат билан жорий қилдик. Бундан ташқари, алоҳида call-centr (1176) йўлга қўйилган. Меҳнат инспекциясида ҳам иккита ходим айнан шу мурожаатлар билан ишлаш учун бириктирилган», – дея маълум қилди вазирлик ўринбосари Марат Жўраев.
«Розиликсиз рўйхатга олиш бандлик статистикасига кирмайди»
Фуқароларни уларнинг розилигисиз ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари ортидан яна бир муҳим савол туғилади: бундай ҳолатлар расмий бандлик статистикасини сунъий равишда оширишга хизмат қилганми?
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот котиби Гулноза Алимова Vaqt.uz билан суҳбатда бундай боғлиқлик йўқлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Солиқ қўмитаси платформасида фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганининг ўзи уни автоматик равишда Бандлик вазирлиги эълон қиладиган умумий бандлик статистикасига киритмайди.
«Кимдир фуқаронинг шахсий маълумотларидан фойдаланиб уни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказган тақдирда ҳам, бу биз чиқарадиган бандлик статистикасида акс этмайди. Якуний кўрсаткич Солиқ қўмитаси маълумотлари, жумладан даромад солиғи бўйича маълумотлар билан солиштирилгандан кейингина шакллантирилади», – дейди Алимова.
Унинг таъкидлашича, айнан шу сабабли Солиқ платформасида қайд этилган барча ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳам расмий бандлик статистикасида акс этмайди.
Шунингдек, Бандлик вазирлиги тизимидаги ҳудудий бошқарма ва бўлимлар фаолиятини баҳолашда бандлик статистикасини сунъий равишда ошириш ёки камайтиришга оид KPI мавжуд эмас.
«Бандлик бошқармалари ва бўлимларининг KPI'сида статистикани ошириш ёки пасайтириш деган кўрсаткич йўқ. Аксинча, нотўғри маълумотлар бизнинг ишимизни қийинлаштиради. Биз ҳам тоза ва ҳаққоний статистика тарафдоримиз», – дейди вазирлик матбуот котиби.
Аввалроқ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов ҳам Gazeta.uz'га берган интервьюсида Бандлик вазирлиги ходимлари учун иш ўринлари яратиш бўйича KPI белгиланмаганини таъкидлаганди.
«Ҳужжатни қарасангиз, KPI барча тармоқ ва ҳудудларда мавжуд, лекин ҳеч қаерида Бандлик вазирлиги фалонча ишчи ўрни яратсин дейилмаган. Бандлик бўлими ходимларига бундай KPI қўйилмаган», — деган эди вазир.
Алимованинг айтишича, вазирлик фуқароларни my.gov.uz ва my.mehnat.uz платформалари орқали ўз меҳнат тарихини мунтазам текшириб боришга ҳам бир неча бор чақирган.
«Биз қайта-қайта фуқароларга ўз маълумотларини текшириб туришни тавсия қилганмиз. Одамлар шахсий маълумотларини ҳимоя қилиши керак. Ҳали ҳам банк картаси ёки ID-картаси нусхасини бегонага юборадиган ҳолатлар учраб турибди», – деди Алимова.
Шунингдек, айнан шу турдаги мурожаатлар кўпайгани сабабли вазирликнинг 1176 қисқа рақамли call-маркази ҳамда «@munosibmehnat_bot» Telegram ботига келаётган мурожаатлар сони ҳам сезиларли ошган.
Бандлик вазирлиги яқин кунларда Солиқ қўмитаси билан биргаликда ўзини ўзи банд қилганлар бўйича янгиланган статистикани эълон қилишини Vaqt.uz’га маълум қилди. Эҳтимол, бу сўнгги кунларда юзага келган бандлик кўрсаткичи билан боғлиқ саволларга ойдинлик киритади.
Агар муаммо фақат статистикада бўлганида, уни янги рақам билан ҳал қилиш мумкин эди. Бироқ муаммо одамларнинг шахсий маълумотлари ва давлат тизимларига бўлган ишончига бориб тақалмоқда. Лекин қизиғи, бу масалада масъул органларнинг ўзи ҳали аниқ рақамларда келишолмай сарсон.
Бугун минглаб фуқаролар ўзлари билмаган ҳолда ишга жойлаштирилгани ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилгани ҳақида мурожаат қилмоқда. Шу боис одамларни энди янги статистика эмас, ундан ҳам муҳимроқ саволлар қизиқтиради: бу маълумотларни тизимга ким киритди? Шахсий маълумотлар қаердан сизиб чиқяпти? Нега бундай ҳолатлар йиллар давомида давом этса ҳам унга барҳам берилмаяпти? Ва энг муҳими, бундай пала-партишликлар учун нега масъул орган топилмаяпти?
Албатта, фуқаролар ҳам ўз маълумотлар базасини назорат қилиш масъулиятидан холи эмас. Бугун «ўз маълумотингни, ўзинг асра» деган мем аллақачон ҳаётий ўгитга айланди. Аммо масъулиятни фақат одамларнинг зиммасига юклаб бўлмайди.
Асосий вазифа шундай тизим яратишки, одамлар эртага my.gov.uz ёки Солиқ иловасига кириб, ўзлари билмаган ҳолда бошқа жойда «ишлаётганини» ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганини кўриб, уни бекор қилиш учун ойлаб сарсон бўлмаслиги керак. Негаки шахсий маълумотларнинг тарқалиши ҳам, улар асосида ноқонуний рўйхатга олишларнинг олдини олиш ҳам, бундай ҳолатлар учун жавобгарликни таъминлаш ҳам битта омилга — давлатнинг кучли назорат механизмига боғлиқ.
Teglar






