Logo

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилга нисбатан 16,3 фоизга камайди

Бугун 08:002 дақиқа

Йил бошидан буён мамлакатда нефт, кўмир ва газ конденсати қазиб олиш ҳажми ҳам қисқарди. Шу билан бирга, автобензин, дизел ёқилғиси, электр энергияси ва портландсемент ишлаб чиқариш ўсди.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилга нисбатан 16,3 фоизга камайди

Ўзбекистонда 2026-йилнинг январ–август ойларида табиий газ, нефт, газ конденсати ва кўмир қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотлари хабар берди.

2026-йилнинг дастлабки саккиз ойда 24,2 млрд куб метр табиий газ қазиб олинди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 16,3 фоизга кам. 2024-йилга нисбатан пасайиш 19,6 фоизни ташкил этди.

Нефть қазиб олиш 425 минг тоннани ташкил қилиб, бир йилда 2,2 фоизга, газ конденсати 648,3 минг тоннага тушиб, 14,8 фоизга қисқарди. 2024-йилга нисбатан бу кўрсаткичлар мос равишда 12,4 ва 21,8 фоизга камайган.

Ёқилғи ишлаб чиқариш ўсди

Қазиб олишдаги пасайишга қарамай, айрим ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўсиш қайд этилди. Жумладан, январ–август ойларида 811,3 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди.

Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 фоиз кўп. Бироқ кўрсаткич 2024-йилдаги 898,3 минг тоннадан 9,7 фоиз пастлигича қолмоқда.

Дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш 834,3 минг тоннага етди. Бу бир йилда 6,1 фоизга,-2024 йилга нисбатан эса 17,3 фоизга кўп. Портландсемент ишлаб чиқариш ҳам 14,1 млн тоннани ташкил этиб, бир йилда 2,2 фоизга ошди.

Кўмир қазиб олиш эса 4,4 млн тоннани ташкил қилди. Бу 2025-йилга нисбатан 10,2 фоиз кам, аммо 2024-йилнинг январ–август ойларидаги даража билан бир хил.

Электр ишлаб чиқариш ошди

Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми саккиз ойда 7,3 фоизга ошиб, 60,5 млрд kWhга етди. Асосий ўсиш кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобига таъминланган.

Уларда электр ишлаб чиқариш 32,4 фоизга ошиб, 20,17 млрд kWhни ташкил қилди. Йирик корхоналарда эса аксинча, ишлаб чиқариш 2 фоизга камайиб, 40,36 млрд kWhга тушди.

Йирик корхоналарда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ҳам 19,1 фоизга қисқариб, 10,9 млн Гкални ташкил этди. Бу энергетика соҳасида ишлаб чиқариш динамикаси ресурслар кесимида бир хил эмаслигини кўрсатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид