
Ўзбекистонда кенг қўлланиладиган Airbus A320 самолётлари дунё бўйлаб шошилинч чақириб олинмоқда
A320 самолётларининг парвозни бошқариш тизимида ахборот бузилиши хавфи юзага келгани айтилмоқда.

Airbus аэрокосмик корпорацияси самолётларидаги дастурий таъминотни янгилаш мақсадида A320 оиласига мансуб минглаб самолётларни чақириб олишини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, лайнерларда дастурий таъминотни янгилаш зарурати кучли қуёш нурланиши туфайли парвозларни бошқариш тизимларининг ишлаши учун муҳим бўлган маълумотларга зарар етиш хавфи билан изоҳланган.
Таъкидланишича, бу жараён дунёдаги самолётлар паркининг ярмида носозликларга сабаб бўлади ва бир неча минг лайнерга таъсир қилади.
Бу компаниянинг 55 йиллик тарихидаги Airbus самолётларининг энг йирик оммавий чақириб олинишларидан биридир. Ҳозирда A320 оиласининг 11 300 га яқин самолёти, шу жумладан 1987 йилда фойдаланишга топширилган 6440 та асосий A320 модели мавжуд.
Бутун дунё бўйлаб авиакомпаниялар аллақачон жадвалга ўзгартиришлар киритмоқда. Масалан, Air France 28 ноябр куни Франциянинг барча аэропортларидаги 35 та рейсни бекор қилди. Avianca ўз флотининг 70 фоизини чақириб олиши кутилмоқда ва чипталар сотувини 8 декабргача тўхтатди.
А320 оиласига мансуб самолётлар Қозоғистон ва Ўзбекистон авиакомпаниялари томонидан ҳам кенг фойдаланилади. Қозоғистон Фуқаро авиацияси қўмитаси дарҳол йўловчиларга мурожаат қилиб, хотиржам бўлишга ва парвозлар ҳолатини олдиндан текшириб кўришга чақирган.
Маълумот учун: A320 1984 йилда тақдим этилган. 2025 йил октабр ойида Airbus А320 самолётлари оиласи фуқаро авиацияси тарихидаги энг кўп сотилган самолётга айланди ва ишлаб чиқарилган лайнерлар сони бўйича ўзининг асосий рақобатчиси — Boeing 737 ни ортда қолдирди.





