Logo

Ўзбекистонда поезд, самолёт ва автобуслар учун ягона чипта жорий этилиши кутилмоқда

Бугун 19:322 дақиқа

Транспорт соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, 2028 йилдан «Бир йўл» ягона чиптаси, янги электропоездлар ва транспорт боғламаси ташкил этилади.

Ўзбекистонда поезд, самолёт ва автобуслар учун ягона чипта жорий этилиши кутилмоқда © gov.uz

​Ўзбекистонда темир йўл, ҳаво ва автомобил транспортида маҳаллий йўловчи ташувларини ягона тизимга бирлаштириш ҳамда 2028 йилдан бошлаб “Бир йўл” платформаси орқали ягона чипта тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Транспорт соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасида маълум қилинди.

​Ҳужжатга кўра, соҳада йўловчилар учун қулайликларни ошириш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилган.

Жумладан, 2027 йил охиригача тезюрар поездлар қатновини Андижондан Самарқандгача узайтириш кўзда тутилган.

​Шу билан бирга, 2027 йил июл ойидан эътиборан Тошкент агломерациясида темир йўл вокзаллари, халқаро аэропорт ва марказий автовокзални ўзаро боғловчи ягона транспорт боғламаси яратилади. Чирчиқ, Янгийўл, Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларидан қатновчи шаҳар атрофи электропоездлари сони 1,5 баробарга оширилиб, метро бекатларига бевосита трансфер ташкил этилиши белгиланган.

​Мўлжалланаётган бошқа ўзгаришлар ва инфратузилма режалари
​Стратегия лойиҳасида транспорт тизимини ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар ҳам ўрин олган:

— ​2028 йилда Фарғона водийсидаги ҳалқа йўналишида электропоездлар қатновини икки баробар ошириш;
— ​Вокзаллар ва халқаро аэропортларда бепул Wi-Fi ҳамда багаж сақлаш хизматларини йўлга қўйиш;

— ​58 та автовокзал ва автостанцияни қуриш ёки реконструкция қилиш.

​Лойиҳага мувофиқ, 2030 йилга қадар темир йўл, ҳаво ва автомобил транспортида маҳаллий йўловчи ташувларини ягона ва ўзаро уйғунлашган тизим асосида ташкил этиш тўлиқ якунланиши режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид