Ўзбекистонда қайси давлат корхоналари кўп?

Бугун 09:211 дақиқа

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг умумий сони 1,4 баробарга кўпайган.

Ўзбекистонда қайси давлат корхоналари кўп? © yandexsmartcamera

2026 йил 1 апрел ҳолатига кўра, мамлакатда жами 19 072 та чет эл иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Ушбу корхоналарнинг 4 392 таси қўшма корхоналар бўлса, 14 680 таси тўлиқ хорижий сармоя асосида ташкил этилган. Бу эса мамлакат иқтисодиётида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокининг ортиб бораётганини кўрсатади.

Сўнгги 5 йиллик ўзгариш

Сўнгги беш йил ичида мазкур кўрсаткичлар сезиларли даражада ўсган. Жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг умумий сони 1,4 баробарга кўпайган. Шу билан бирга, тўлиқ хорижий корхоналарнинг улуши 55,5 фоиздан 77 фоизгача ошгани қайд этилган.

Мамлакатлар кўрсаткичи

Энг кўп корхона Хитой капитали иштирокида ташкил этилган бўлиб, уларнинг сони 5 398 тани ташкил қилади. Шунингдек, Россия (3 260 та) ва Туркия (2 186 та) инвестициялари ҳам юқори ўринларни эгаллаган.

Рўйхатидан Қозоғистон (1 240 та), Жанубий Корея (714 та), Афғонистон (655 та), Озарбайжон (442 та), Тожикистон (427 та), Бирлашган Араб Амирликлари (425 та) ва Ҳиндистон (398 та) ҳам ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фаолият турлари кесимида хорижий корхоналарнинг энг катта қисми савдо соҳасига тўғри келиши ҳақида хабар берган эдик. 2025 йилда бу йўналишда 6 403 та корхона иш юритиб, умумий хорижий бизнеснинг энг катта қисмини ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда қайси давлат корхоналари кўп? | Vaqt.uz