add

Ўзбекистонда яна метан «заправка»лар фаолияти чекланди: совуқ сабаб

Бугун 07:582 дақиқа

Совуқ об-ҳаво ва газга талаб ошиши ортидан Ўзбекистонда метан заправкалар фаолияти яна вақтинча чекланди, иш жадвали эса очиқланмади.

Ўзбекистонда яна метан «заправка»лар фаолияти чекланди: совуқ сабаб© Foto: Vaqt.uz

Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши сабаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари — АГТКШ («метан заправкалар») фаолиятига вақтинча чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик ахборотига кўра, совуқ кунларда табиий газга бўлган талаб кескин ошгани сабаб айрим ҳудудларда газ қувурларида босим пасайиши кузатилмоқда. Шу муносабат билан энергетика тизими узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида соатлаб кучайтирилган режимида фаолият юритмоқда, ҳудудлардаги ҳолат доимий назоратда.

Расмий маълумотда таъкидланишича, аҳоли хонадонлари, тиббиёт ва таълим муассасаларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Шу сабабли, автомобилларга хизмат кўрсатувчи «метан заправкалар» фаолияти вақтинча чекланди.

«Бу чоралар фақат совуқ кунларда аҳолини барқарор газ билан таъминлашга қаратилган. Ҳолат барқарорлашиши билан чекловлар бекор қилинади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда жамоат транспортига газ таъминоти чекловларсиз амалга оширилиши қайд этилди. Вазирлик бу йўналишлардаги транспорт воситаларининг узлуксиз ишлаши аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати учун муҳим эканини урғулади.

Ҳудудлардаги вазиятга қараб қўшимча маълумотлар бериб борилиши айтилган. Айни пайтда метан заправкаларнинг аниқ иш жадвали эълон қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, 11 декабр куни ҳам Ўзбекистон бўйлаб АГТКШлар фаолияти чекланган эди. 8 январдан бошлаб метан заправкалар кунига олти соат — 10:00 дан 16:00 гача ишлаётган, Фарғона водийсида эса умуман очилмаган эди.

Теглар

Мавзуга оид