Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш 9 млрд kWh’га етди
Бу кўрсаткич 2024 йилдаги умумий натижадан икки баробар кўп. Ҳозирда мамлакатда 12 та қуёш ва 5 та шамол электростанцияси ишлаб турибди, уларнинг умумий қуввати 4682 MW’ни ташкил қилади.

Ўзбекистон 2025 йил бошидан бери қайта тикланувчи манбалар орқали 9 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди. Янги рекорд 22 октябр куни қайд этилган.
Маълумотларга кўра, мамлакат бўйлаб 12 та қуёш ва 5 та шамол электростанцияси фаолият юритмоқда. Улар умумий ҳисобда 4682 MW қувватга эга. Фақат сўнгги 29 кунда яна 1 млрд kWh энергия ишлаб чиқарилган. Илгариги 8 млрд kWh кўрсаткич 23 сентябр куни қайд этилган эди.
Қайта тикланувчи манбалар ҳисобига 2,73 млрд куб метр табиий газ тежалган ва 4 млн тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқиши олди олинган.
Гидроэлектростанциялар ҳисобига олганда, 22 октябрь соати 19:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда қайта тикланувчи манбалар орқали ишлаб чиқарилган умумий энергия ҳажми 14,52 млрд kWh бўлиб, умумий генерациянинг 23 фоизини ташкил этди.
Энергетика вазирлиги маълумотича, бу ҳажмдаги «яшил» энергия 7,5 млн хонадонни 10 ой давомида ёки 6 млн фойдаланувчининг йиллик эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини беради. Солиштириш учун, 2022 йилда Навоий ва Самарқанд вилоятидаги илк фотоэлектростанциялар 434 млн kWh ишлаб чиқарган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 576,9 млн, 2024 йилда эса 4,86 млрд kWh’ни ташкил этган.
SEO title
Meta description





