Logo

Ўзбекистонда «YouTube» монетизацияси, шахматчиларга 200 минг доллар мукофот ва Андижондаги 2 миллиардлик лойиҳалар — 23 сентябр дайжести

Кеча 23:202 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда «YouTube» монетизацияси, шахматчиларга 200 минг доллар мукофот ва Андижондаги 2 миллиардлик лойиҳалар — 23 сентябр дайжести

Халқаро шахмат мусобақалари ғолибларини рағбатлантириш миқдорлари кескин оширилди

Президентнинг янги қарори (ПҚ–346-сон) билан нуфузли халқаро шахмат мусобақаларида ғолиб бўлган ўзбекистонлик спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари доллар ҳисобида кескин оширилди.

Жумладан, катталар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадасида олтин медал олганларга 200 минг, кумуш учун 100 минг, бронзага эса 50 минг доллар (уларнинг тренерларига мос равишда 50, 25 ва 12,5 минг доллар) тўланади. Ёшлар ўртасидаги олимпиада совриндорлари эса натижасига қараб 5 мингдан 20 минг долларгача (устозлари 1,25 мингдан 5 минггача) мукофот олади.

Ўзбекистонда «YouTube» монетизацияси ишга туширилиши мумкин

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева «Google» вице-президенти Каран Бҳатия билан учрашувда Ўзбекистонда «YouTube» монетизациясини ишга тушириш масаласини муҳокама қилди.

Мирзиёевага кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилган. Бунинг натижасида Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш учун кенг йўл очилмоқда.

Шахмат олимпиадасига бағишлаб олтин ва кумуш тангалар чиқарилади

Ўзбекистон Марказий банки Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига бағишлаб номинал қиймати 100 минг сўм бўлган олтин ва кумуш эсдалик тангаларини муомалага чиқаради. Ушбу тангалар «Икки танга — бир Регистон» концепцияси асосида яратилган бўлиб, улар ёнма-ён қўйилганда Тиллакори мадрасаси ва Регистон майдони пештоқининг яхлит тасвири ҳосил бўлади.

Дастлабки босқичда 31,1 грамм оғирликка эга (999,9 пробали) 100 дона олтин ва 500 дона кумуш танга чиқарилиши режалаштирилган. Тангаларнинг реверс қисмида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) логотипи жойлашган бўлиб, уларни 24 сентябрдан бошлаб тижорат банклари ҳамда уларнинг филиаллари орқали харид қилиш мумкин. Тираж бозор талабига кўра кейинчалик оширилиши кутилмоқда.

Андижонда 2 млрд долларлик лойиҳалар ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида умумий қиймати 9,4 миллиард доллар бўлган 206 та инвестиция лойиҳасини қамраб олган маросим бўлиб ўтди.

Унга кўра, қиймати қарийб 2 миллиард долларлик лойиҳалар ишга туширилиб, 7,35 миллиард долларлик 108 та янги иншоот қурилишига старт берилди. Мазкур лойиҳалар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилиб, энергетика, қурилиш, машинасозлик, тўқимачилик, таълим, туризм ва соғлиқни сақлаш каби кўплаб муҳим соҳаларни қамраб олади.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда «YouTube» монетизацияси, шахматчиларга 200 минг доллар мукофот ва Андижондаги 2 миллиардлик лойиҳалар — 23 сентябр дайжести | Vaqt.uz