Logo

Ўзбекистондаги давлат корхоналарининг атиги 46 фоизи фойда билан ишлаган — ХВЖ

Бугун 12:142 дақиқа

2024 йилда Ўзбекистондаги 2148 та давлат корхонасининг атиги 982 таси фойда билан ишлаган. Энг катта йўқотишлар электр энергетикаси, уй-жой коммунал хўжалиги ва сув хўжалиги соҳаларида қайд этилган. Бюджетга тўланган дивидендларнинг қарийб 80 фоизини эса тоғ-кон саноати таъминлаган.

Ўзбекистондаги давлат корхоналарининг атиги 46 фоизи фойда билан ишлаган — ХВЖ © Foto: Наманган вилоят ҳокимлиги

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон бўйича тайёрлаган Selected Issues ҳисоботида давлат корхоналарининг молиявий аҳволи ва уларнинг давлат бюджети учун туғдираётган хавфларини баҳолади.

Ҳисоботда келтирилишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига асосан, 2024 йилда мамлакатдаги 2148 та давлат корхонасидан 982 таси, яъни 46 фоизи фойда билан ишлаган. Қолган корхоналар зарар билан фаолият юритган, фаол бўлмаган, тугатилиш жараёнида бўлган ёки молиявий натижаларини ошкор қилмаган.

ЯИМга нисбатан энг юқори фойдани тоғ-кон саноати таъминлаган. Нефт-газ ҳамда банк-молия соҳалари кейинги ўринларни эгаллаган. Энг катта молиявий йўқотишлар эса электр энергетикаси, уй-жой коммунал хизматлари ва сув хўжалиги тармоқларида кузатилган. ХВЖ бу ҳолатни ушбу соҳаларда аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлиқ компенсация тўланмаслиги билан изоҳлаган.

Даромад бир соҳага боғланган

Ҳисоботга кўра, давлат корхоналари бюджетга тўлаган дивидендларнинг қарийб 80 фоизи тоғ-кон саноати ҳиссасига тўғри келган. Нефт-газ соҳаси 9,5 фоизни таъминлаган бўлса, қолган барча тармоқлар улуши жами 10,5 фоизни ташкил этган.

ХВЖ бу кўрсаткич давлат акциядор сифатида ўз активларининг катта қисмидан паст даражада даромад олаётганини англатишини таъкидлаган.

Жамғарма, шунингдек, Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари бўйича аудитдан ўтган 21 та энг йирик давлат корхонасини ҳам таҳлил қилди.

Уларнинг активлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 48 фоизига тенг. 2024 йилда маълумотлари мавжуд бўлган 16 та корхонанинг аксари молиявий кўрсаткичларини яхшилаган. Бу, асосан, электр энергияси ва газ тарифлари оширилганидан кейин энергетика ҳамда газ соҳасидаги компаниялар аҳволи яхшилангани билан изоҳланган.

Ислоҳотлар етарли эмас


ХВЖ давлат корхоналари ҳали ҳам бюджет субсидиялари, давлат кафолатлари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳамда имтиёзли кредитлар каби турли давлат кўмагидан фойдаланишини қайд этган.

Жамғарма фикрича, «юмшоқ бюджет чекловлари» раҳбариятнинг самарадорликни ошириш ва қайта ташкил этишга бўлган қизиқишини пасайтирмоқда.

Шунингдек, давлатнинг мулкдор сифатидаги ваколатлари турли идоралар ўртасида бўлингани, кузатув кенгашлари мустақиллиги етарли эмаслиги ва шаффофлик механизмларининг тўлиқ ишламаётгани давлат корхоналари бошқарувидаги асосий муаммолар сифатида қайд этилган.

ХВЖ давлат корхоналари фаолиятини бозор тамойиллари асосида ташкил этиш, ижтимоий мажбуриятларни аниқ белгилаш ва давлат кўмагини босқичма-босқич қисқартиришни тавсия қилди.

Теглар

Мавзуга оид