Logo

Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган қишлоқлар аҳолисига Қирғизистон фуқаролиги берилмоқда

Бугун 09:002 дақиқа

Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари аҳолисига Қирғизистон фуқаролигини расмийлаштириш ишлари бошланди.

Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган қишлоқлар аҳолисига Қирғизистон фуқаролиги берилмоқда © vaqt.uz

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш ҳамда ҳудудларни алмашиш доирасида Қирғизистон таркибига ўтган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари аҳолисига Қирғизистон фуқаролигини расмийлаштириш ишлари бошланди. Бу ҳақда 24.kg нашри Қирғизистон президенти маъмуриятига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳудудда аҳоли билан тушунтириш учрашувлари ўтказилиб, фуқароликни олиш тартиби ва керакли ҳужжатлар ҳақида маълумот берилмоқда.

Расмийлаштириш жараёни 2026 йил охиригача якунига етиши кутилмоқда. Фуқаролик олингач, қишлоқ аҳолисига янги Қирғизистон паспортлари берилади ва улар мамлакатнинг барча ҳуқуқ ҳамда ижтимоий кафолатларидан тўлиқ фойдаланиши мумкин бўлади.

Чегара алмашинуви ва янги йўл лойиҳаси

Эслатиб ўтамиз, Чўнғара ва Тоштепа (Таш-Дөбө) қишлоқлари аввал Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибида бўлган. Ушбу икки қишлоқда жами 2500 га яқин аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг аксариятини этник қирғизлар ташкил этади.

Мазкур аҳоли пунктларининг Қирғизистон юрисдикциясига ўтиши 2026 йилнинг июн ойи охирида — давлат чегарасини демаркация қилиш ва чегара ҳудудларини алмашиш жараёни якунланганидан сўнг маълум бўлди.

Ўзаро келишувга асосан, бунинг эвазига Қирғизистон томони Ўзбекистонга майдони жиҳатидан тенг бўлган ер участкаларини топширган.

Шунингдек, чегара алмашуви доирасида Сай ва Таян қишлоқлари орасида янги автомобил йўли қурилиши учун умумий майдони 236 гектар бўлган ер участкалари алмашилган. Ушбу янги йўналиш Ойдаркен ва Боткен ўртасидаги масофани 225 километрдан тахминан 55 километргача қисқартириши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари чегарани кесиб ўтгандан кейин 15 кун давомида мажбурий рўйхатдан ўтмасдан қолиши мумкинлиги бўйича ҳам янги тартиб юзасидан келишувга эришилган.

Теглар

Мавзуга оид