Ўзбекистонга пул ўтказмалари олти ойда 5,5 млрд долларга етди
Меҳнат мигрантлари томонидан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 13,1 фоизга ўсган.
© vaqt.uzМарказий банк 2026 йилнинг иккинчи чораги бўйича Меҳнат бозори шарҳида ташқи меҳнат миграцияси ва пул ўтказмалари динамикасидаги ўзгаришларни таҳлил қилди.
Ҳисоботга кўра, 2026-йил январ–июн ойларида Россияга ишлаш мақсадида борган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,18 млн нафарни ташкил этган. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 13,2 фоизга кам.
Россияда патент асосида ишлаётган ўзбекистонликлар сони ҳам қисқарган. Ҳисобот даврида мазкур кўрсаткич 9,2 фоизга пасайган.
Пул ўтказмалари ўсди
Шу даврда пул ўтказмалари ҳам ўсишда давом этган. Биринчи чоракда Ўзбекистонга 3,8 млрд доллар юборилган бўлса, иккинчи чоракда бу кўрсаткич 5,5 млрд долларни ташкил этган.
Январ–июн ойларида Қозоғистондан пул ўтказмалари 28,2 фоизга, АҚШдан 18,8 фоизга, Туркиядан 14,2 фоизга ва Жанубий Кореядан 11,4 фоизга ошган.
Россиядан келган пул ўтказмалари эса 8,8 фоизга кўпайган. Бу Россияга меҳнат миграцияси қисқарган шароитда ҳам мазкур йўналиш Ўзбекистон учун муҳим манба бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Марказий банк Россия йўналишидаги миграция оқимининг қисқариши ички меҳнат бозорида ишчи кучи таклифини ошириши мумкинлигини қайд этган.
Миграция йўналишлари ўзгармоқда
Марказий банк маълумотларига кўра, Туркия, Жанубий Корея, Европа Иттифоқи ва АҚШдаги ўзбекистонликларнинг умумий сони 2024-йилда 10,1 фоизга, 2025-йилда эса 8 фоизга ошган. Йил якунида уларнинг сони қарийб 320 минг нафарга етган.
Европа Иттифоқидаги ўзбекистонлик мигрантлар сони 2025-йилда 13,2 фоизга, Туркияда эса 10,7 фоизга кўпайган.
2026-йил 1-июл ҳолатига Туркиядаги ўзбекистонликлар сони 70 минг нафарга етган. Бу йил бошига нисбатан 9,3 фоизлик ўсишни англатади. Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар сони эса 102,2 минг нафар бўлиб, 3,3 фоизга ошган.





