Logo

Ўзбекистонга қарши 100 млн долларлик даъво, рекорд даражада мустаҳкамланган сўм ва бензинли машиналарни ортда қолдирган гибридлар — 4 сентябр дайжести

Кеча 22:303 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонга қарши 100 млн долларлик даъво, рекорд даражада мустаҳкамланган сўм ва бензинли машиналарни ортда қолдирган гибридлар — 4 сентябр дайжести

Solfy ва Миллий банк можароси: инвестор Ўзбекистонга қарши 100 млн долларлик даъво киритди

Россиянинг «Сбербанк»и собиқ биринчи раис ўринбосари Максим Полетаев ва Solfy Rus компанияси Ўзбекистонга қарши Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказга (ICSID) 100 миллион доллар товон пули талаби билан даъво киритди.

Мазкур иш 2021 йилда Миллий банк билан ҳамкорликда бошланган фоизсиз муддатли тўлов карталари лойиҳаси доирасидаги келишмовчиликлар ҳамда 2013 йилда имзоланган инвестицияларни ҳимоя қилиш битимига асосланган.

Августда сўм рекорд даражада мустаҳкамланди: доллар курси қандай ўзгарди?

2026 йилнинг август ойида ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 1,7 фоизга мустаҳкамланиб, йил давомидаги энг юқори ойлик кўрсаткични қайд этди. Йил бошидан буён эса сўмнинг долларга нисбатан умумий мустаҳкамланиши 1,9 фоизга етди.

Шунингдек, августда миллий валютанинг кунлик ўртача тебранувчанлиги 0,3 фоизни ташкил этиб, июль ойига нисбатан 14,3 фоизга, 2025 йилнинг август ойидаги кўрсаткичга (0,49 фоиз) нисбатан эса қарийб 40 фоизга камайди.

Урганч аэропортидан Хивага тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилди

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Урганч аэропортидан Хива шаҳригача замонавий тезюрар электропоезд қатновини йўлга қўйди. Янги йўналишда Хитойнинг «CRRC Dalian Co., Ltd.» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, тезлиги соатига 160 километргача етадиган поезд ҳаракатланади.

Поездлар ҳаракати тасдиқланган жадвал бўйича амалга оширилади: электропоезд Урганч аэровокзалидан соат 08:40 да жўнаб, 09:22 да Хивага етиб боради; қайтиш қатнови эса Хивадан соат 21:00 да йўлга чиқиб, 21:42 да Урганч аэровокзалига етиб келади (ҳар икки йўналишда ҳам поезд Урганч бекатида тўхтаб ўтади). Йўналиш бўйича чипта нархи катталар учун 25 000 сўм, болалар учун эса 14 000 сўм этиб белгиланган.

Тошкентда 114 йиллик тарихий бино замонавий санъат марказига айлантирилди

1912 йилда меъмор Вилгелм Гейнцелман лойиҳаси асосида қурилган (дастлаб трамвай депоси, кейинчалик дизел электр станцияси бўлган) 114 йиллик тарихий бино қайта таъмирланиб, Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат марказига айлантирилди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Франциянинг «Studio KO» бюроси ҳамкорлигида саноат меъморчилиги қиёфаси сақланган ҳолда тикланган мазкур маскан инфратузилмаси билан Президент Шавкат Мирзиёев танишди. Марказ ўз фаолиятини 6 сентябрь куни билим ва маданий мерос мавзуларига бағишланган «Ҳикмат» номли илк халқаро кўргазма билан бошлайди.

Гибрид кўпаймоқда: августда автомобил импорти қандай бўлди?

2026 йилнинг август ойида Ўзбекистонга умумий қиймати 182,6 млн долларга тенг бўлган 13 214 та енгил автомобил импорт қилиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан миқдор жиҳатидан 33,7 фоизга, қиймат бўйича эса 67,6 фоизга ўсиш қайд этилди.

Бунда асосий ўсиш гибрид автомобиллар ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг импорти қарийб 18 бараварга (3 054 тагача) кескин ошди ва бензинли машиналардан (2 083 та) ўзиб кетди. Гарчи электромобиллар импорти ўтган йилнинг августига нисбатан миқдор жиҳатидан деярли ўсмаган (8 076 та) бўлса-да, улар ҳамон умумий автомобиль импортининг энг йирик қисмини (61,1 фоиз) ташкил қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид