
Ўзбекистонликлар ноябр ойини қандай об-ҳавода ўтказади?
Ўзгидромет ноябрда кутилаётган об-ҳаво прогнозларини эълон қилди. Ойнинг биринчи ҳафтасидаёқ ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши кутилмоқда.

2025 йил ноябр ойида мамлакат бўйича ўртача ҳаво ҳарорати меъёрдан +1…+1,5 даража паст бўлади. Бу йил ноябр ойи ўтган йилдагидан анча совуқроқ кечиши кутилмоқда, дея маълумот бермоқда Ўзгидромет.
Иқлим маълумотларига кўра, ноябрда ҳаво ҳарорати октябрга нисбатан 6–9 даража паст бўлади. Ойнинг илк кунларидаёқ айрим ҳудудларга совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади.
3–5 ноябр кунлари вилоятларнинг баъзи жойларида ёмғир ёғиши, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда эса қорга айланиши кутилмоқда.
4–7 ноябр кунлари ҳаво кескин совиши эҳтимол қилинмоқда, кечаси ҳарорат +0…+3 даражадан айрим жойларда 0...–3 даражагача, кундузи эса +8…+13 даражагача пасайиши мумкин.
Кейинчалик, ойнинг қолган қисмида ҳарорат нисбатан барқарор бўлиб, кечаси –3…+5 даражадан, кундузи +10…+20 даражагача ўзгариб туради.
Ноябр ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлиши кутилмоқда.
Тоғли ҳудудларда биринчи қор қоплами шаклланади, баланд тоғларда ой охирига келиб қор баландлиги 25–40 сантиметрга етиши мумкин.
Метеорологик кузатувларга кўра, тарихдаги энг паст ноябр ҳарорати –24 даражагача, шимолда эса –31 даражагача тушган.
Бироқ сўнгги йилларда бундай қаттиқ совуқлар кузатилмаган — 2016 ва 2020 йилларда қайд этилган энг паст ҳарорат –10…–15 даражани ташкил этган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон ва Устюрт ҳудудларида 2006 ва 2016–2020 йилларда ҳаво ҳарорати –21…–28 даражагача пасайган ҳолатлар кузатилган.
2023 йил эса аксинча, метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ноябр бўлиб, ўртача ҳарорат меъёрдан 3–6 даража юқори бўлган.
Шу билан бирга, метеорологик маълумотлар 2025 йилнинг ноябр ойида ҳаво ҳароратининг пасайиш тенденцияси кучайганини кўрсатади. Демак, бу йилги совуқ ҳаво ўзини яна сездиради, айниқса ойнинг илк ҳафтасида мамлакат бўйлаб ёмғир ва қор кузатилиши кутилмоқда.





