add

Ўзбекистонликларнинг Канада, Аргентина ва Австралия визаларини олиш тартиби енгиллашиши мумкин

Ўзбекистон фуқаролари учун Канада, Аргентина ва Австралия визаларини олиш тартиби енгиллаштирилиши мумкин. Жараёнда маҳаллий хизматлар кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонликларнинг Канада, Аргентина ва Австралия визаларини олиш тартиби енгиллашиши мумкин
Ўзбекистон фуқаролари Канада, Аргентина ва Австралия каби давлат визаларини олишда яқин вақтларда енгиллаштирилган тартибдан фойдаланиши мумкин. Бу масала Ташқи ишлар вазирлигида «VFS Global» компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашувда муҳокама қилинди. Маълумот ТИВ сайтида эълон қилинган. Қайд этилишича, учрашувда «VFS Global»нинг МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари бўйича минтақавий директори Шубхам Мишра ҳамда Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Темур Тўйчиев иштирок этган. Томонлар мамлакат ҳудудларида компания офислари тармоғини кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқишган. Шунингдек, жамоавий гуруҳлар аризалари юзасидан компания ходимларининг сайёр қабулларини ташкил этиш механизмларини жорий этиш юзасидан келишувга эришилган. Ушбу хизмат шакли тўловли бўлиб, чекка ҳудудлардаги фуқароларга Тошкент ёки Самарқандга бормасдан виза хизмати олиш имконини яратади. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаролари учун республикада дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлмаган давлатлар (жумладан, Канада, Аргентина, Австралия ва бошқалар) визаларини расмийлаштириш тартибларини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Аккредитациядан ўтган консулликлар мавжуд эмаслиги туфайли бундай ҳолларда виза расмийлаштириш ортиқча вақт ва харажат талаб этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони жараёнларнинг бир қисмини мамлакатимизга кўчириш, жумладан, “VFS Global” маҳаллий офислари орқали биометрик маълумотлар топшириш ва онлайн суҳбатлар ўтказиш имконини кўриб чиқишни таклиф этган.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонликларнинг Канада, Аргентина ва Австралия визаларини олиш тартиби енгиллашиши мумкин | Vaqt.uz