
Ўзбошимчалик билан қурилган уйлар қонунийлаштирилмоқда
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига “амнистия” эълон қилинган қонун ижроси доирасида ҳужжациз уй-жойларни қонунийлаштириш бўйича ишлар давом этяпти. Кадастр агентлигига кўра, бугунгача 4 335 та маҳалла чегараларига аниқлик киритилган. 845 096 та обект хатловдан ўтказилиб, қонун доирасида ўрганилиши лозим бўлган 254 865 та обектлар ваколатли ташкилотларга кўриб чиқиш учун киритилган. Шундан 18 мингдан ортиқ хонадон ҳуқуқий мақомга эга бўлган.

Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни қонунийлаштириш бўйича ишлар давом этмоқда. Тадбирлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига “амнистия” эълон қилинган қонун ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Ҳуқуқлар эътироф этилишининг шартларига назар ташлайдиган бўлсак, барча ҳудудларда ер участкасининг чегараси 1998-йил 1-июлга қадар эгаллаб олингани аниқланса, 24 сотихгача бўлган ҳудудни этироф этиш масаласи кўриб чиқилади. Шунингдек, ер участкаси 1998- йилдан 2018-йил 1-майга қадар эгаллаб олингани тастиқланса, Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 6 сотихгача, қолган ҳудудларда 12 сотихгача ер участкасига эгалик ҳуқуқи эътироф этилиши кўзда тутилган. Уй-жой майдони ушбу белгиланган ўлчамлардан ошганда, ортиқча эгалланган қисмига нисбатан деҳқон хўжалигини ёки томорқа хўжалигини юритиш учун эътироф этилади.
Ҳуқуқлар эътироф этилганлик учун фуқаролардан ҳудудларга қараб турли миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади. Фуқаролар Тошкент, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида БҲМ 5 бараварида, вилоятга бўйсунувчи бошқа шаҳарларда БҲМнинг 2 бараварида ва бошқа аҳоли пунктларида 1 баравари миқдорида тўлов қилади
Ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда деҳқон хўжалиги ва томорқа ерларига ижара ҳуқуқи бозор қийматида тўлов амалга оширилади. Бозор қииймати Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгилаб берилади. И ва ИИ гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахсларга бепулдир. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга тўловларда 50%лик чегирма бўлади.
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси томонидан Тошкент вилоятига ташкил этилган пресс-турда бу борада амалга оширилган ишлар билан таништирилди. Маълумотларга кўра, ушбу жараёнларга 4,5 минг кадастр муҳандислари жалб этилган. Бугунгача 4 335 та маҳалла чегараларига аниқлик киритилган. Режага кўра, 2026 йилда 9 452 та маҳалла чегарасини белгилаш тўлиқ якунланади.
Агентлик ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Отамуродовнинг айтишича, айни пайтда хатловдан ўтказиш ишлари 2024-2025 йилларга мўлжалланган режа-жадвал асосида олиб борилаётган бўлиб, мазкур йилларда режага киритилмаган маҳаллалар кейинги йилларга мўлжалланган режа-жадвалга киритилади. Мазкур Қонуннинг амал қилиш муддати 2028-йил 1-январга қадар этиб белгиланган.
Хатловда ҳужжациз обектлар билан бирга ҳужжати бор обектдаги ўзгаришлар ҳам ўрганилиб, умумий хатлов ўтказиляпти (яъни ҳар бир хонадон ва ҳар бир қарич ер тўлиқ ўрганилади).
Тадбир иштирокчилари шакллантирилган ўлчов натижаларини “Эътироф” тизимига юклаш жараёни амалга оширилишига ҳам гувоҳ бўлди. Жараёнда маҳаллада амалга оширилган ўлчов ишларининг натижаларини электрон тарзда тизимга киритиш, уларни тасдиқлаш босқичлари ҳамда жараённинг шаффофлиги билан таништирилди.
Пресс-тур давомида матбуот анжумани ҳам ўтказилиб, унда қилинган ишлар ҳақида ахборот берилди. Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудовга кўра, ҳозиргача 845 096 та обект хатловдан ўтказилиб, қонун доирасида ўрганилиши лозим бўлган 254 865 та обектлар ваколатли ташкилотларга кўриб чиқиш учун киритилган. Шундан 18 682 та обектга халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари билан ҳуқуқлар эътироф этилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан жами 92 272 та обект хатловдан ўтказилди, шундан 33 244 таси “Эътироф” тизимига киритилган.
Матбуот анжумани сўнггида Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган 4 нафар фуқаронинг кўчмас мулк обектига эгалик ҳуқуқи расман топширилди.






