Logo

Пенсия ёшига етганлар учун энг яхши 10 та мамлакат номи эълон қилинди

Бугун 15:495 дақиқа

Рейтингда кундалик ҳаёт сифати, солиқлар даражаси, ҳужжатларни расмийлаштиришнинг осонлиги ва харажати, шунингдек, эркин саёҳат қилиш ҳамда фуқаролик олиш имкониятлари ҳисобга олинган.

Пенсия ёшига етганлар учун энг яхши 10 та мамлакат номи эълон қилинди © Bloomberg

Европа давлатлари ҳанузгача пенсияга чиққандан кейин чет элга кўчиб яшаш учун энг яхши жойлар рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Бироқ янги рейтингда биринчи ўрин Европа давлатига насиб этмади. Бу ҳақда «Euronews» ёзди.

«Global Citizen Solutions» таҳлилчилари томонидан тузилган 2026-йилги Пенсия индекси 46 та давлатнинг яшаш ва пенсия дастурларини таққослаш асосида тайёрланган. Рейтингда кундалик ҳаёт сифати, солиқлар даражаси, ҳужжатларни расмийлаштиришнинг осонлиги ва харажати, шунингдек, эркин саёҳат қилиш ҳамда фуқаролик олиш имкониятлари ҳисобга олинган.

Янги жаҳон рейтингида ким биринчи бўлди?

Глобал рейтингда биринчи ўринни Уругвай эгаллади. Шу тариқа у ўтган йилги ғолиб — Португалияни ортда қолдирди. Уругвайнинг муваффақияти битта йўналишдаги юқори натижаси билан эмас, балки бешта асосий мезоннинг барчасида барқарор яхши кўрсаткичларга эга экани билан боғлиқ.

Иккинчи ўринда Маврикий жойлашди. Бу давлат қулай солиқ сиёсатини бошқа яхши кўрсаткичлар билан бирлаштира олган. Умуман олганда, кучли ўнталикдан олтита Европа давлати, учта Америка қитъаси давлати ва битта Маврикий жой олди. Эътиборлиси, биринчи ўриндаги давлат билан кучли ўнталикдаги охирги давлат ўртасидаги фарқ 4 баллдан ҳам кам. Бу етакчи давлатларнинг натижалари бир-бирига жуда яқин эканини кўрсатади.

Пенсияга чиқиб чет элга кўчаётганлар учун нималар муҳим?

Пенсия учун чет элга кўчаётган одамларнинг устуворликлари индексда ҳам аниқ кўринади: энг муҳим омил — ҳаёт сифати. Ундан кейин бошқа давлатларга эркин бориш имконияти ва келажакда фуқаролик олиш имконияти туради. Учинчи ўринда эса солиқлар, ҳужжатларни расмийлаштириш тезлиги ва унинг нархи туради.

Европа давлатлари юқори ҳаёт сифати ва кучли паспортлари билан ажралиб туради, бироқ юқори ва қаттиқ солиқлар сабаб айрим очколардан маҳрум бўлади. Америка қитъасидаги давлатлар эса нисбатан арзонлиги ва қулай солиқ шароитлари билан ўзига жалб қилади. Маврикий Африка давлатлари орасида юқори стандартни кўрсатмоқда.

Яқин Шарқ давлатларидан, масалан, БАА умумий рейтингда 19-ўринда турибди. У солиқ тизимининг қулайлиги ва ҳужжатларни тез кўриб чиқиш бўйича юқори натижага эга. Бироқ бу ердаги дастурлар одатда фуқароликни осон олиш имконини бермайди.

Европа дастурларининг кучли ва заиф томонлари

Европанинг энг яхши ўнта йўналишига Испания, Португалия, Латвия, Андорра, Италия, Греция, Австрия, Албания, Кипр ва Малта кирди.

Испания Европада биринчи, дунёда эса учинчи ўринни эгаллади. Мамлакат бошқа давлатларга эркин бориш, оила аъзолари билан бирга кўчиб бориш имконияти ва ҳаёт сифати бўйича жуда яхши натижа кўрсатган. Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни 8 ойгача давом этиши мумкин. Бироқ солиқлар бўйича Испания 46-ўрин, яъни энг охирги ўринда туради. Бунга бутун дунёдан олинадиган даромадга солиқ солиниши, айрим ҳудудларда мол-мулк учун қўшимча солиқлар мавжудлиги ва махсус виза эгалари учун солиқ имтиёзларининг йўқлиги сабаб бўлган.

Португалия дунё рейтингида бешинчи, Европада эса иккинчи ўринни эгаллади. Бунинг асосий сабабларидан бири — май ойида Европа Иттифоқига кирмайдиган давлат фуқаролари учун фуқаролик олишгача бўлган яшаш муддати 5 йилдан 10 йилга оширилгани. Португалияда яшаш учун талаб қилинадиган минимал даромад ойига 920 евродан бошланади. Мамлакат бошқа давлатларга бориш имконияти бўйича ҳам яхши натижа кўрсатган. Аммо ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни баъзан икки йилгача чўзилиши мумкин. Бундан ташқари, солиқлар бўйича кўрсаткичлари ҳам унчалик яхши эмас.

Ирландия ҳаёт сифати бўйича биринчи ўринда туради. Бунга унинг экологияси, хавфсизлиги ва инглиз тилида сўзлашувчи муҳитга эга экани сабаб бўлмоқда.

Андорра экология ва хавфсизлик бўйича етакчи ҳисобланади. Ҳаёт сифати бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Солиқлари ҳам нисбатан қулай: даромад солиғи 10 фоиз билан чекланган, мерос ва мол-мулк учун эса солиқ олинмайди. Аммо Андоррадаги дастур рейтингдаги энг қиммат дастур ҳисобланади. Унда катта миқдордаги тасдиқланган даромад ва мамлакат иқтисодиётига 1 миллион евродан инвестиция киритиш талаб қилинади.

Италия ва Греция фуқаролик олиш ва бошқа давлатларга эркин бориш имконияти бўйича мос равишда дунёда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган. Европа рейтингида эса улар бешинчи ва олтинчи ўринларда. Ҳар икки давлатда ҳам солиқларни камайтириш имконини берувчи махсус дастурлар мавжуд. Аммо Грецияда талаб қилинадиган даромад анча юқори — ойига камида 3500 евро.

Латвия Европада учинчи ўринни эгаллади. Бунга аризаларни тез кўриб чиқиши — одатда 2–4 ой ичида — ва расмийлаштириш харажатларининг нисбатан арзонлиги сабаб бўлган.

Кипр ва Малта ҳам қулай солиқ ставкалари билан ажралиб туради. Масалан, Кипрда маълум шартлар бажарилганда солиқ ставкаси 5 фоизгача тушиши мумкин. Бироқ бунинг эвазига катта миқдордаги инвестиция ва юқори даромад талаб қилинади. Кипрда ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни икки йилдан ҳам кўпроқ вақт олиши мумкин.

Бундан ташқари, Греция ва Италиянинг жанубида чет элдан олинадиган пенсия пуллари учун махсус имтиёзли солиқ тизимлари мавжуд. Масалан, айрим ҳолларда 7 фоиз солиқ ставкаси қўлланади.

Молиявий талаблар ва пул манбалари

Номзодларга қўйиладиган молиявий талаблар жуда катта фарқ қилади: Никарагуада ойига атиги 600 евродан, Баҳрайнда эса 9000 еврогача. Европада эса, масалан, Кипрда қўшимча шартларни бажарган ҳолда ойига 800 евродан кам даромад билан ҳам яшаш мумкин. Андоррада эса ойига 4500 евродан кўпроқ даромад талаб қилинади.

Бундан ташқари, миграция идоралари пулнинг қаердан келаётганига ҳам катта эътибор беради. Айрим давлатлар фақат чет элдан олинадиган пенсия ёки тасдиқланган пассив даромадни қабул қилади. Бошқа давлатлар эса дивидендлар ёки шахсий жамғармаларни ҳам ҳисобга олади. Кўпинча ойлик даромадга қўйилган талаб унчалик юқори бўлмаса ҳам, аризачидан дастлаб катта миқдорда банк депозити, инвестиция ёки бир марталик тўлов талаб қилинади.

Кабо-Верде, Намибия, Чили, Замбия, Марокаш ва Салвадор каби айрим давлатлар якуний рейтингга киритилмаган. Бунга уларнинг миллий қоидалари ўзига хос экани сабаб бўлган. Масалан, айрим мамлакатларда мунтазам тўловлар бўйича аниқ талаблар кўрсатилмаган ёки рентьерлар ва пенсионерлар учун алоҳида қоидалар амал қилади. Бундай дастурларда даромад талаби 825 доллардан 1800 долларгача бўлиши мумкин.

Бугунги кунда пенсияга чиқиб, чет элда яшаш учун давлат танлаш анча мураккаб масалага айланган. Чунки бунда қулай ҳаёт, ҳужжатларни расмийлаштиришдаги қийинчиликлар ва молиявий фойдани бир вақтнинг ўзида ҳисобга олиш керак. Европа юқори ҳаёт сифати ва кучли паспортлари туфайли ҳанузгача етакчи бўлиб қолмоқда. Аммо юқори солиқлар ва ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларининг узайиши пенсионерларни Лотин Америкаси ёки Яқин Шарқ давлатларига ҳам эътибор беришга мажбур қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда умумий пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклифи жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди. Президент фармони лойиҳасига кўра, 2028-йилдан пенсия ёшини ҳар йили 3 ойдан ошириб бориш режалаштирилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид