Logo

Пешлавҳа ва ташқи реклама ўртасидаги чегара қандай белгиланади? Тадбиркорлар нималарни билиши керак?

Бугун 18:435 дақиқа

Яқинда бренд номи туширилган пешлавҳалар реклама ҳисобланмаслиги белгиланди. Аммо пешлавҳа қачон реклама бўлиши ёки қандай вазиятларда жарима қўлланиши масаласи айрим тадбиркорлар учун ҳали ҳам номаълум. Хўш, улар пешлавҳа ўрнатиш тартиби ҳақида нималарни билиши керак? Vaqt.uz навбатдаги мақолада бир қатор саволларга жавоб излади.

Пешлавҳа ва ташқи реклама ўртасидаги чегара қандай белгиланади? Тадбиркорлар нималарни билиши керак?

Тошкентда пешлавҳаларни жойлаштириш ва ташқи рекламага қўйиладиган талаблар масаласи тадбиркорлар учун жиддий масалага айланган.

Бунга йил давомида пойтахтдаги кўпчилик бизнес эгаларининг пешлавҳалари огоҳлантиришларсиз бузилгани ва кейинчалик жарима берилгани, бузиш ишлари учун тадбиркорларга компенсация қайтарилмагани каби юзлаб ҳолатлар сабаб бўлган.

Умуман, дўкон номи, товар белгиси ёки фаолият тури кўрсатилган пешлавҳа қайси ҳолларда реклама ҳисобланиши, дизайн-код талаблари ва мавжуд пешлавҳаларни янги меъёрларга мослаштириш билан боғлиқ кўплаб саволлар ҳамон актуал.

Vaqt.uz пешлавҳаларни реклама сифатида баҳолашга оид янги тартиб ҳақида хабар берган эди. Мавзунинг давоми сифатида Тошкент шаҳар Савдо-саноат палатаси бошқармаси раҳбари Диёp Мирзааҳмедов билан суҳбатлашдик. У пешлавҳа ва ташқи реклама ўртасидаги фарқ, дизайн-код талаблари, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда пешлавҳаларни янги қоидаларга мослаштириш масалалари юзасидан палатанинг позициясини тушунтирди.

Пешлавҳа қачон реклама ҳисобланади?

Пешлавҳа билан ташқи реклама ўртасидаги асосий фарқ ахборотнинг мазмуни ва жойлашувига боғлиқ. Тадбиркор ўзи фаолият юритаётган бинода ўз номи, фаолият тури, фирма номи ёки товар белгисини жойлаштирса, бу пешлавҳа ҳисобланади. Бундай ҳолатда реклама паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.

Бироқ пешлавҳада ушбу маълумотлардан ташқари ахборотлар ҳам жойлаштирилса, улар реклама мазмунига эга деб баҳоланиши мумкин. Масалан, дўкон номи билан бирга чегирмалар, маҳсулот тасвирлари ёки «энг арзон нарх» каби ёзувларнинг жойлаштирилиши алоҳида баҳолашни талаб қилади.

Шу боис тадбиркорлар пешлавҳани тайёрлашда нафақат унинг ташқи кўринишига, балки унда қандай маълумотлар акс эттирилаётганига ҳам эътибор қаратиши керак.

Дизайн-код пешлавҳаларга қандай талаблар қўяди?

Тошкент шаҳридаги бинолар фасадларининг ташқи кўриниши, пешлавҳаларнинг ўзаро уйғунлиги ва шаҳар муҳитининг ягона услубини таъминлашда дизайн-код муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бундай талаблар тадбиркорлар учун ортиқча молиявий юк келтириб чиқармаслиги ҳам муҳим.

Диёp Мирзааҳмедовнинг таъкидлашича, пешлавҳанинг ўлчамлари бино фасадига ва дизайн-код талабларига мувофиқ бўлса, уни жойлаштириш учун қўшимча реклама тўловлари ундирилмайди.

Янги нормада пешлавҳани реклама ҳисобламаслик учун унинг майдони бўйича алоҳида чегара белгиланмаган. Шунингдек, бундай пешлавҳалар учун алоҳида электр ҳисоблагич ўрнатиш ёки реклама конструкцияларига нисбатан белгиланган уч баравар коэффициентни қўллаш талаб этилмайди.

Шу билан бирга, тадбиркорлар пешлавҳаларни жойлаштиришда тегишли техник меъёрлар ва фасадга қўйиладиган талабларга амал қилиши лозим.

Тошкент дизайн-кодини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда Савдо-саноат палатаси қандай талабларни таклиф қилмоқда?

Палатанинг асосий талаби — дизайн-код тадбиркорлар, мулкдорлар ва соҳа мутахассислари иштирокида очиқ муҳокама қилиниши, ундаги талаблар эса аниқ, тушунарли ва тадбиркорлар учун иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлишидир, дейди Диёр Мирзааҳмедов.

diyor

Шунингдек, тадбиркорларнинг рўйхатдан ўтган товар белгиларидан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиши керак. Амалдаги қоидалар асосида ўрнатилган пешлавҳаларни янги талабларга мослаштириш учун етарли муддат берилиши, бу жараёндаги харажатларни ким қоплаши ҳам олдиндан аниқ белгилаб қўйилиши лозим.

Қонуний пешлавҳаларни ҳам алмаштириш талаб қилиниши мумкинми?

Тадбиркорнинг пешлавҳаси амалдаги талабларга мувофиқ ўрнатилган бўлса-ю, кейинчалик дизайн-кодда белгиланган ранг ёки шакл талабларига мос келмаса, уни алмаштириш масаласи қўшимча ҳуқуқий аниқликни талаб қилади.

«Бундай талаб фақат қонуний кучга кирган ва муайян пешлавҳага татбиқ этиладиган аниқ норма асосида қўйилиши мумкин», – деб тушунтиради ҳукумат вакили.

Маълумотларга кўра, дизайн-код ҳақидаги қарор расмий эълон қилинганидан уч ой ўтиб кучга киради. Бироқ бу муддат барча мавжуд пешлавҳаларни алмаштириш учун автоматик равишда уч ой вақт берилишини англатмайди.

Мавжуд пешлавҳаларни янги талабларга мослаштириш муддати, шунингдек, уларни ўзгартириш билан боғлиқ харажатларни ким қоплаши алоҳида тартибда белгиланиши лозим.

«Палата сифатида позициямиз — тадбиркорга етарли вақт берилиши ва унинг зиммасига асоссиз қўшимча харажатлар юкланмаслигидир», – деб қўшимча қилади Мирзааҳмедов.

Тошкентда пешлавҳалар барибир ўзгаради

Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, пешлавҳалар барибир ўзгартирилади. Бироқ бу жараён архитектура меъёрларига мувофиқ амалга оширилади, тадбиркорларга эса пешлавҳаларини янги талабларга мослаштириш учун қўшимча муддат берилади.

Ҳокимнинг таъкидлашича, пешлавҳалар реклама сифатида ҳисобланмаслиги уларни жойлаштиришда архитектура ва шаҳарсозлик талабларига риоя қилиш заруратини бекор қилмайди. Унинг фикрича, бинолар ва савдо объектларининг ташқи кўринишига нисбатан ҳам белгиланган меъёрлар мавжуд.

«Пешлавҳа тахталар барибир ўзгаради. Архитектура талаблари бор. Архитектура талабларига ҳаммаси мослаштирилади. У ерда биз уларга [тадбиркорларга] муддатини узайтириб берамиз», — деди Шавкат Умурзоқов.

У вазиятни автомобилларга қўйиладиган техник талаблар билан таққослади. Хусусан, автомобил эгаси ўз транспорт воситасига исталган ўлчамдаги шина ўрнатиши ёки фараларини олиб ташлаши мумкин бўлмаганидек, бинолар ва дўконларнинг ташқи кўриниши ҳам белгиланган қоидаларга мос бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Уй-жой ҳам, дўкон ҳам худди шунақа. Архитектура норма, қонун-қоидалари бор. Пешлавҳа билан рекламанинг тасдиқланган нормалари бор», — деди ҳоким.

Умурзоқовнинг сўзларига кўра, президент топшириғи асосида тадбиркорларга пешлавҳаларини тўғрилаш учун муддат берилади, айрим талаблар эса юмшатилади. Жумладан, аввал пешлавҳалар учун муайян квадрат метр чегараси белгиланган бўлса, янги тартибда бино узунлигининг 30 фоизи миқдорида пешлавҳа жойлаштиришга бепул рухсат бериш назарда тутилмоқда.

«Суд қарори керак эмас»

Vaqt.uz журналисти ҳокимдан тадбиркорлар катта маблағ сарфлаб ўрнатган пешлавҳалар бузиб ташланган тақдирда, уларга компенсация тўлаш масаласи қандай ҳал этилишини сўраганди.

Ҳоким пешлавҳалар қонуний равишда бузиб ташланганини айтди. Тадбиркорларнинг айрим пешлавҳалар суд қарорисиз олиб ташлангани ҳақидаги эътирозларига жавобан эса бундай ҳолатларда суд қарори талаб этилмаслигини билдирди.

Ҳоким пешлавҳалар масаласида «визуал шовқин» тушунчасига ҳам эътибор қаратганди. Унинг таъкидлашича, кўчалардаги реклама ва пешлавҳалар фақат тадбиркорларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан эмас, балки аҳоли ва шаҳар муҳитининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тартибга солиниши керак.

«Aрхитектура нормасида визуал шовқин деган нарса бор. Яъни, у ерда сиз фақат тадбиркорни қўллаб-қувватламанг-да. Фуқаро сифатида менга ёқмайди бу, кўча тадбиркорки эмас, аҳолиники», — деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Президент Шавкат Мирзиёев 2026-йил сентябр ойида корхона номи ва фаолият турини билдирувчи пешлавҳаларни реклама деб ҳисобламаслик ҳамда улар учун махсус паспорт талаб қилмаслик ҳақидаги таклифни маъқуллаганди.

 

Теглар

Мавзуга оид

Пешлавҳа ва ташқи реклама ўртасидаги чегара қандай белгиланади? Тадбиркорлар нималарни билиши керак? | Vaqt.uz