add

Путин «нодўстона» давлатлардан қўнғироқларни тақиқлаш режасини эълон қилди

Россия ҳукумати телефон фирибгарлигига қарши кураш доирасида 47 та «нодўстона» давлатдан келаётган қўнғироқларни блоклаш ва халқаро қўнғироқларни мажбурий белгилаш бўйича янги чоралар жорий этмоқда.

Путин «нодўстона» давлатлардан қўнғироқларни тақиқлаш режасини эълон қилди

Россия президенти Владимир Путин Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари билан видеоконференсия форматидаги учрашувда ҳукумат «дўст бўлмаган» деб белгиланган давлатлардан келаётган телефон қўнғироқларини блоклаш тизимини жорий этиш устида иш олиб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» нашри хабар берди.

Унинг қайд этишича, ушбу чоралар телефон ва интернет фирибгарлигига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

Путиннинг айтишича, рақамли муҳитда фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган биринчи чоралар пакети аллақачон қабул қилинган. Иккинчи пакет ҳозир муҳокамадан ўтмоқда, яқин келажакда эса учинчи пакетнинг ҳам тақдим этилиши кутилмоқда. Президент барча таклифлар ҳукумат томонидан инобатга олиниб, амалга жорий этилаётганини таъкидлади.

Шу куни ҳукумат аппарати раҳбари, бош вазир ўринбосари Дмитрий Григоренко ҳам олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, тахминан 20 та ташаббусдан иборат янги чоралар пакетида абонент розилигисиз халқаро кирувчи қўнғироқларни тақиқлаш, уларни мажбурий белгилаш, болалар учун алоҳида SIM-карталар жорий этиш каби таклифлар мавжуд.

Сўнгги ойларда Россия ҳокимияти давлат мессенжери Махъни илгари суриш фонида мессенжерлар ва онлайн-сервислар фаолиятига доир қоидаларни изчил кучайтирмоқда. Август ойида WhatsApp ва Telegram орқали қўнғироқлар чеклангани, шундан сўнг эса фирибгарлар стационар алоқага ўтгани ҳақидаги баёнотлар ортидан стационар халқаро қўнғироқларни блоклаш ғояси ҳам муҳокама қилинган.

Маълумот учун, декабр бошида Роскомнадзор Apple'нинг FaceTime видеоқўнғироқ хизматини «жиноий мақсадларда қўлланилаётгани» сабабли блоклагани маълум қилинганди. Ноябр ойида эса рақамли ривожланиш вазирлиги чет элдан қайтган фуқароларнинг мобил интернети ва SMS хизмати бир суткагача вақтинча ўчирилиши ҳақида баёнот берган.

Россиянинг «дўст бўлмаган» давлатлар рўйхатида ҳозир 47 та мамлакат бор, жумладан ЕИ давлатлари, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Канада, Австралия, Украина ва бошқалар.

Теглар

Мавзуга оид