Путин Россия иқтисодиётида пасайиш бошланганини тан олди

Россия президенти Владимир Путин 2026 йил бошида мамлакатнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари манфий ҳудудга ўтганини маълум қилди. РФ ялпи ички маҳсулоти сўнгги уч йил ичида илк бор пасайиш қайд этди.

Путин Россия иқтисодиётида пасайиш бошланганини тан олди

Иқтисодий масалаларга бағишланган йиғилишда Путин Росстат маълумотларига таяниб, жорий йилнинг январ ойида Россия ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга камайганини келтирди. Саноат ишлаб чиқариши эса 0,8 фоизга пасайган. РФ президентининг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар ҳукумат учун кутилмаган ҳол эмас, бироқ буёғига мамлакатни «барқарор иқтисодий ўсиш траекториясига» қайтариш, инфляция ва ишсизликнинг олдини олиш зарур.

Январ-феврал ойлари якунига кўра, федерал бюджет 3,5 трлн рубл миқдорида тақчиллик билан чиққан. Умумий даромадларнинг камайиши фонида Путин бюджет тизимининг «узоқ муддатли барқарорлигини» таъминлаш учун вазмин қарорлар қабул қилишга чақирди. Маълумотларга кўра, 2025 йилда иқтисодий ўсиш беш баробарга секинлашиб, 1 фоизни ташкил этган эди. Жорий йилда эса РФ иқтисодиётининг 28 та асосий тармоғидан 21 таси пасайиш билан ишламоқда.

Тармоқлардаги инқироз

Россия саноатида кенг кўламли пасайиш кузатилмоқда: фойдали қазилмаларни қазиб олиш 1,6 фоизга, металлургия 2,1 фоизга, кийим-кечак ва пойабзал ишлаб чиқариш эса 3,5 фоизга камайган. Ҳатто сўнгги 15 йил ичида илк бор озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам 0,5 фоизлик пасайиш қайд этилди. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги йил бошида ЯИМ ўсиши бўйича прогнозини 1,3 фоиздан 0,7 фоизгача туширишни кўриб чиқмоқда.

«Bloomberg» манбаларига кўра, хомашё даромадлари икки баробарга камайиши ортидан ҳукумат бюджет харажатларини 10 фоизга секвестр қилишга (қисқартиришга) тайёргарлик кўрмоқда. Бу қисқартириш ҳарбий ва ижтимоий соҳалардан ташқари барча харажатларга дахл қилади. Ҳукумат шу йўл билан қарийб 2 трлн рублни тежаб қолмоқчи, чунки бюджетнинг нефт ва газдан ташқари даромадлари ҳам солиқ ислоҳотларига қарамай кутилганидан кам бўлиши башорат қилинмоқда.

Солиқ ислоҳотлари

Гайдар институти эксперти Иля Соколовнинг огоҳлантиришича, ҚҚС ставкасининг 22 фоизгача оширилиши ва кичик бизнесга солиқ юкининг кўпайишига қарамай, иқтисодиётнинг секинлашиши бюджетга маблағ тушишини камайтиради. Ҳисоб-китобларга кўра, ғазнага режалаштирилганидан 500 млрд рубл камроқ ҚҚС ва 200 млрд рублгача камроқ фойда солиғи тушиши мумкин.

Агар бюджет харажатлари режадан 1 трлн рублга ошиб кетса, йил якунидаги тақчиллик режалаштирилган пасайиш ўрнига 8 трлн рублгача етиши мумкин. Бундай шароитда Россия ҳукумати учун энергия ресурслари нархининг ошиши ва ички харажатларни кескин жиловлаш ягона чиқиш йўли бўлиб қолмоқда. Путин иқтисодий тизимнинг барқарорлиги бюджет ҳолатига боғлиқ эканини алоҳида қайд этди, бироқ реал кўрсаткичлар Россия иқтисодиёти турғунлик (стагнация) даврига кирганини кўрсатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид