Путин Россияда интернетни ўчириб ёқишни шахсан ўз назоратига олди

17.02.2026 | 08:182 дақиқа

Россияда интернетни ўчириш тартиби ўзгармоқда: янги тузатишларга кўра, чеклов ҳолатларини шахсан президент белгилайди. Экспертлар бу механизм марказлашувини кучайтиради.

Путин Россияда интернетни ўчириб ёқишни шахсан ўз назоратига олди

Россия Давлат думаси кўриб чиқаётган «Алоқа тўғрисида»ги қонун лойиҳасига киритилган тузатишлар интернетни ўчириш бўйича ваколатларни президент Владимир Путин қўлида жамламоқда. Ҳужжатга кўра, РФ Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) алоқа операторларига алоқани блоклаш бўйича мажбурий талаб юбориши мумкин бўлган ҳолатлар «президентнинг норматив ҳужжатлари билан» белгиланади.

Илк версияда интернетни ўчириш асослари президент ва ҳукумат томонидан белгиланиши, шунингдек, бундай қарорлар «фуқаролар ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш» билан боғлиқ бўлиши қайд этилган эди. Янги таҳрирда эса ҳукумат ва хавфсизлик таҳдидлари ҳақидаги нормалар матндан чиқарилди.

Тузатишлар ФСБга операторларга оддий «сўров» эмас, балки бажарилиши шарт бўлган «талаб» юбориш ҳуқуқини беради. Бу эса алоқа компаниялари учун қарорни ижро этишни амалда муқобилсиз ҳолатга келтиради.

 

Марказлашган назорат кучаяди

Мутахассисларнинг фикрича, янги таҳрирдаги қонун интернет шатдаунлари бўйича қарор қабул қилиш жараёнини соддалаштиради. «ОВД-Инфо» юристи Валерия Ветошкина чеклов қўллаш доираси кенгаяётганини ва механизм янада марказлашганини таъкидлади.

«Биринчи бўлим» юристи Евгений Смирнов эса ҳужжат амалда президентга интернет блоклаш масаласида «қўлни ечади», деб ҳисоблайди. Киберадвокат Саркис Дарбинянга кўра, «чекловларни фақат президент белгилайди», унинг ҳужжатлари эса ҳукумат қарорларига нисбатан қабул қилиш жиҳатидан соддароқ.

Қонун лойиҳаси ноябрда ҳукумат томонидан киритилган. Манбаларга кўра, ҳужжатнинг мақсади — дрон ҳужумлари каби ҳолатларда интернет ўчирилиши туфайли операторларни жавобгарликдан озод қилиш.

 

Шатдаунлар рекорди

Амалдаги қонунчиликка кўра, «алоқа хизматлари» тушунчаси овозли ва матнли хабарлар, тасвирлар ҳамда почта, радио, симли ва бошқа электромагнит тизимлар орқали маълумот узатишни қамраб олади. Шу боис, чекловлар фақат интернет эмас, бошқа алоқа турларига ҳам татбиқ этилиши мумкин.

2025 йил якунларига кўра, Россия мобил интернет шатдаунлари сони бўйича дунёда етакчи бўлди. Top10VPN ҳисоб-китобларига кўра, йил давомида чекловлар 37 166 соатни ташкил этган ва 146 миллион аҳолини қамраб олган. «На связи» лойиҳаси маълумотларига кўра, ўртача ҳар куни 63 ҳудудда чекловлар жорий этилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид