Путиннинг Ўзбекистондаги янги одами, «елкасига шамол теккан» деҳқонлар ва Андижонда ёниб кетган 5 тонна ёқилғи — 5 сентябр дайжести
05.09.2025 | 22:008 дақиқа
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Фермер ва деҳқонлар учун ҚҚС бекор қилинади
2026 йилдан бошлаб деҳқон ва фермерлар етиштирган маҳсулотлар (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бекор қилинади. Янги тартиб уларга уруғ, ўғит, ёқилғи ва электр каби харажатлар бўйича тўланган солиқни қайтариб олиш имкониятини ҳам беради. Ҳисоб-китобларга кўра, бу ислоҳот натижасида қишлоқ хўжалиги субъектлари ихтиёрида йилига 300 млрд сўм қолади.
Президент Мирзиёев иштирокидаги тақдимотда мазкур қарор қишлоқ хўжалигида шаффофликни таъминлаш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шу орқали йирик плантациялар, қайта ишлаш корхоналари кўпаяди, соҳада самарадорлик ва бозор имкониятлари кенгаяди. Мутасаддиларга янги тизимни амалиётга жорий этиш ва фермер ҳамда деҳқонларга тушунтириш топширилди.
Энг кўп жиноятлар қайси университет талабалари томонидан содир қилингани маълум бўлди
Сенатнинг 10-ялпи мажлисида талабалар ўртасида жиноятчилик ҳолати муҳокама қилиниб, вазир Қўнғиротбой Шариповга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди. Статистикага кўра, 2024 йилда 761 та жиноят олий таълим муассасалари талабалари иштирокида содир этилган, 2025 йилнинг 6 ойида эса 102 та университетнинг 307 талаба томонидан жиноят содир этилган. Асосий ҳолатлар йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, безорилик ва фирибгарликка тўғри келади.
Жиноятларнинг кўп қисми Тошкент шаҳри ва йирик вилоятларда содир этилган бўлиб, айниқса, Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон миллий университети ва бир қатор бошқа университетлар талабалари кўпроқ қайд этилган. Сабаб сифатида таълим жараёнида назоратнинг етарли эмаслиги, талабаларнинг дарсдан ташқари вақтда эркин ҳаракат қилиши ва турар жойлардаги етарли назорат йўқлиги қайд этилди. Шу муносабат билан тегишли вазирлик ва муассасалар зиммасига назоратни кучайтириш вазифаси юклатилди.
Россия Ўзбекистондаги янги элчисини тайинлади
Россия Президенти Владимир Путин фармони билан Алексей Ерхов Ўзбекистондаги янги элчи этиб тайинланди. У бу лавозимгача Россиянинг Туркиядаги элчихонасига раҳбарлик қилган ва халқаро дипломатияда катта тажрибага эга.
Унга қадар элчи бўлиб ишлаган Олег Малгинов 2021 йилдан буён фаолият юритиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда иштирок этган.
Андижондаги заправкада ёнғин чиқди
5 сентябр куни Андижон туманидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида «MAN» русумли ёнилғи ташувчи автомобилдан пропан газини тўкиш жараёнида техник носозлик туфайли ёнғин чиқди. Машинада тахминан 5 тонна ёқилғи сақланган бўлган.
Ҳодиса ҳақида соат 12:05 да хабар берилган ва ёнғин-қутқарувчилар 12:13 да етиб келиб, олovni 13:03 да тўлиқ бартараф этди. Ҳодисада жабрланиш ҳолатлари қайд этилмаган, сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда.
Абитуриентларнинг 41,29 фоизи 56,7 бал ҳам тўплай олмаган
2025 йилги олий таълимга қабул имтиҳонларида 614 минг 768 абитуриент қатнашди. Уларнинг 253 минг 844 нафари, яъни 41,29 фоизи минимал ҳисобланган 56,7 баллни ҳам тўплай олмади. Бу кўрсаткич ўтган йилдагидан 6 фоизга яхшироқ бўлиб, қолган 360 мингдан ортиқ абитуриент белгиланган меъёрдан юқори натижа қайд этди.
Ҳудудлар кесимида энг паст кўрсаткич Андижонда кузатилиб, бу ерда абитуриентларнинг қарийб ярми минимал баллдан ўта олмади. Тошкент шаҳри ва Бухорода эса энг яхши натижалар қайд этилди. Айрим ҳудудларда, хусусан, Қорақалпоғистон ва Навоийда кўрсаткичлар сезиларли яхшиланган. Шунга қарамай, минимал баллдан паст тўплаганлар ҳам супер контракт ёки бошқа олийгоҳларда бўш қолган йўналишларга ўқишга қабул қилиниши мумкин.





