
«Қашшоқлар жангги: Россия Украина урушида кимларни қурбон қилмоқда?
BBC ҳисоботида Россиянинг Украинадаги тасдиқланган йўқотишлари 152 мингдан ошгани, энг кўп ҳалок бўлганлар камбағал ва чекка ҳудудлар аҳолиси экани маълум бўлди.

Украинага қарши уруш бошланганидан бери Россия армиясининг тасдиқланган йўқотишлари 152 142 нафарга етди. Бу ҳақда BBC очиқ манбалар асосида тайёрлаган таҳлилий ҳисоботида маълум қилинди. Ҳисобот фақат Россия фуқароларини қамраб олди, айирмачи «ДХР» ва «ЛХР» таркибидаги йўқотишлар статистикага киритилмаган.
Маълумотларга кўра, энг кўп қурбонлар Бошқирдистонда қайд этилган — 7643 киши. Иккинчи ўринда Татаристон (6599), учинчи ўринда эса Свердловск области (5386) турибди. Солиштириш учун, аҳолиси 13 миллиондан ортиқ бўлган Москвада 4520 нафар, Чеченистонда эса 372 ҳарбий ҳалок бўлган.
Таҳлилчилар таъкидлашича, ҳалок бўлганларнинг 67 фоизи аҳолиси 100 минг кишидан кам бўлган қишлоқ ва кичик шаҳарлар аҳолисидир. Демограф Алексей Ракша буни иқтисодий шароит билан боғлайди: қолоқ ҳудудларда ҳарбий хизмат барқарор даромадга эга бўлишнинг саноқли усулларидан бирига айланган. Шу сабабли фронтдаги асосий йўқотишлар айнан кам даромадли ҳудудлар зиммасига тушмоқда.
Британия разведкаси июн ойида Россиянинг умумий йўқотишларини — ҳалок бўлганлар ва яраланганлар билан бирга — тахминан бир миллион киши деб баҳолаган. Улардан 250 мингга яқини ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги айтилган. Лондон манбалари қайтмас йўқотишларни (ўлганлар, бедарак йўқолганлар, оғир яраланганлар) 400–500 минг киши атрофида баҳолаган.
2025 йилда йўқотишлар кескин ошгани қайд этилган. АҚШ давлат котиби Марко Рубио маълумотига кўра, йилнинг дастлабки ярмида Россия 100 мингга яқин ҳарбийдан айрилган. Президент Доналд Трамп эса август ойидаги баёнотида 2025 йил бошидан бери Россия 112 мингдан ортиқ ҳарбийни, Украина эса тахминан 8 минг нафар қурбон берганини маълум қилган.





